Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига мувофиқ Германиянинг KfW банки томонидан молиялаштириладиган “Профессионал таълим тизимини такомиллаштириш” лойиҳасини Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан бирга амалга ошириш белгиланган.
Вазирлик матбуот хизмати маълумотига кўра, ушбу лойиҳанинг ҳуқуқий ва ташкилий асосларини мустаҳкамлаш мақсадида 2022 йил январь ойидан бошлаб бир қатор расмий учрашувлар ташкил этиб келинмоқда. Навбатдаги муҳокамалар Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва ҳудудларда ўтказилди.
Дастлаб олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Комилжон Каримов ҳамда Германиянинг KfW банки Марказий Осиё барқарор иқтисодий ривожланиш Портфолия менежери доктор Анна-Мария фон Рода вакиллари иштирокида профессионал таълим тизимини такомиллаштириш бўйича учрашув ташкил қилинди.

Унда KfW банкининг 40 млн. евро маблағлари ҳисобига тил ва касб кўникмаларига эга бўлган мутахассислар тайёрлаш, профессионал таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, танлаб олинадиган йўналишлар бўйича ўқув дастурларини такомиллаштириш ҳамда педагоглар малакасини ошириш, бунда Германиядан малакали мутахассисларни жалб этиш бўйича масалалар кўриб чиқилди.

Халқаро молия ташкилоти миссия вакиллари мамлакатимиздаги профессионал таълим тизими билан танишиш мақсадида водий вилоятларидаги пилот таълим сифатида танланган профессионал таълим муассасалари, хусусан, Фарғона нефть ва газ саноати коллежи, Андижон Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникуми ҳамда Наманган саноат ва иқтисодиёт техникумида бўлиб қайтдилар.
Ўрганиш давомида ҳудудлардаги профессионал таълим муассасаларида ўрта бўғин кадрлар тайёрлаш бўйича асосий таълим дастурлари ҳамда ушбу таълим муассасаларида ташкил этилган қисқа муддатли курслар билан яқиндан танишилди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида ўтказилган якуний учрашувда икки томон вакиллари лойиҳа доирасида навбатдаги амалга оширилиши лозим бўлган устувор масалаларга алоҳида эътибор қаратди. Бунда ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш, доимий маълумот алмашиш ва музокаралар олиб бориш мақсадга мувофиқ эканлиги таъкидланди.
Учрашув сўнгида “Профессионал таълим тизимини такомиллаштириш” лойиҳасини самарали амалга ошириш бўйича икки томонлама келишув ҳужжати имзоланди.
Н.Усмонова,
ЎзА