Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Профессионал таълим тизимининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш борасида қандай чора-тадбирлар амалга оширилди?
15:34 / 2023-12-13

Бугунги кунда профессионал таълим тизими раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш мақсадида my.moqt.uz платформаси ишга туширилган бўлиб, мазкур тизим орқали тингловчилар 3 йиллик касбий-педагогик фаолияти натижаларига кўра 100 балли мезон асосида баҳоланади.

Ушбу қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнида малака оширувчилар 20 баллдан 85 баллгача тўплаган тақдирда, улар анъанавий ёки масофавий шаклда ўқитилади. 86 ва ундан юқори балл тўплаган тингловчилар эса тўғридан-тўғри онлайн тест синовларини топширади.  

Профессионал таълимда қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг муқобил шакллари асосида ҳам баҳолаш йўлга қўйилган. Бунда раҳбар ва педагог ходимларнинг якка муаллифликда дарслик ёки ўқув қўлланмалари мавжудлиги,  ўзи ёки раҳбарлигидаги ўқувчилар халқаро ва республика миқёсида ўтказилган кўргазма, танловларда совринли ўринларни олганлиги,  хорижий мамлакатларда малака оширганлиги, докторлик (PhD, DSc) диссертациясини ҳимоя қилиши ёки илмий раҳбарлигида камида битта фан доктори ёки PhD олиш учун шогирд чиқарганлиги ҳамда  патентга эга бўлиши инобатга олинади.    

Ҳозирда профессионал таълим тизимида 30 мингдан ортиқ раҳбар ва педагог ходим фаолият юритмоқда. Ҳар йили уларнинг 10 минг нафари қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида таҳсил олиб келади.    

Келгусида  мамлакатимизда иш берувчиларнинг эҳтиёжлари асосида ўрта бўғин кадрларни тайёрлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 7 декабрдаги тегишли қарори билан профессионал таълим муассасаларида ўқувчиларни йил давомида ташкилотларнинг буюртмалари асосида дуал таълим шаклида ўқитиш йўлга қўйилади. Бунда ташкилотлардан бириктирилган устозларнинг педагогик маҳоратини ихтиёрий равишда ошириш учун ҳар йили дуал таълим шакли бўйича бепул қисқа муддатли малака ошириш курслари ташкил этилади.  

Шунингдек, профессионал таълим тизими раҳбар ва педагог ходимларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш жараёнига кредит-модуль тизими жорий этилади.  Шу мақсадда 2024 йил 1 январдан бошлаб, малака ошириш курсларининг ўқув режа ва ўқув дастурлари такомиллаштирилиб, тингловчиларнинг муайян модул бўйича ўзлаштирилган ўқув юкламаси кредитлар асосида ҳисобланади. Бунда малака ошириш шаклларини мустақил танлаш имконияти йўлга қўйилади ҳамда ҳар ўқув курси якуни бўйича таълим натижалари мониторинг қилинади.  

Мазкур маълумотлар Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган брифингда  Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова томонидан тақдим этилди.  

Муҳайё Тошқораева, ЎзА