Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида профессионал таълим тизимида яратилган адабиётларнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Жорий йилнинг биринчи ярмида умумкасбий ва махсус фанлардан 78 номда 141 минг 144 нусхадаги янги ўқув адабиётлари нашр этилди ва соҳа йўналишлари бўйича таълим муассасаларига етказилди. Технологик янгиланишлар ҳисобида умумкасбий ва махсус фанлар бўйича 1 минг 260 номдаги ўқитиш материаллари тўплами республика миқёсида оммалаштирилди.
[gallery-13645]
Мутахассисларнинг сўзларига кўра, 2023 йил якунига қадар умумкасбий ва махсус фанлардан 117 номдаги 60 минг 601 нусхада ўқув қўлланмалар нашр этилиб, таълим йўналишларига етказилади. Мазкур ўқув қўлланмаларни тайёрлашда олий таълим муассасаларидан 151 нафар, профессионал таълим муассасаларидан 71 нафар профессор-ўқитувчилар қатнашган.
Тадбирда ўқув қўлланмалар мазмун-моҳияти, ўқувчи-ёшларнинг турли йўналишлар бўйича билимларини оширишдаги аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берди.
Бу ўқув қўлланмалар янги ўқув режа ва дастурлар асосида яратилган бўлиб, улардаги маълумотлар ўқувчиларни фанларга бўлган қизиқишларини янада ошириш, фандаги янги технологияларни қўллаш, уларни содда ва равон тилда тушуниш ҳамда ўзлари устида қўшимча равишда билим ва кўникмаларни шакллантиришга яқиндан ёрдам беради.
Тадбир якунида вазирликнинг профессионал таълим муассасалари янги авлод ўқув адабиётларини яратган 3 нафар муаллифга “Фахрий ёрлиқ” ва эсдалик совғалари топширилди. Шу билан бирга, тадбир давомида Шайхонтоҳур туман касб-ҳунар мактабида ўтказилган “Китобхонлик” танлови ғолиблари ҳам тақдирланди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА