Учкўприк туманидаги 2-сон касб-ҳунар мактабида Фарғона вилоятидаги профессионал таълим муассасалари раҳбарлари ва педагог кадрлари иштирокида анъанавий август семинари бўлиб ўтди.
Семинарда Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари С.Сиддиқова, вилоят ҳокимининг ўринбосари Ф.Қосимов, вилоят касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи Т.Бойматов мамлакатимизда таълим соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида сўз юритиб, янги тизим олдидаги вазифаларга тўхталди.

Вилоятдаги 76 та профессионал таълим муассасалари мутасаддилари қатнашган тадбирда 2021-2022 ўқув йили сарҳисоби, шунингдек, янги 2022-2023 ўқув йилига тайёргарлик ишлари муҳокама қилинди. Тизимда эришилган ютуқлар билан бирга, мавжуд муаммоларни бартараф этиш хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Жумладан, дуал таълимни жорий этиш, битирувчиларни доимий иш ўрни билан таъминлаш, замонавий касб-ҳунарларга ўқитишда янгича ёндашув, бюджетдан ташқари маблағ топиш каби мавзуларда баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди. Келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан келишиб олинди.

Соҳада фидойилик кўрсатаётган ва намунали фаолият кўрсатган педагоглар ва раҳбарлар рағбатлантирилди. Уларга эсдалик совғалари, ташаккурномалар тақдим қилинди.
Семинар якунида Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари мазкур касб-ҳунар мактабида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

– Фарғона вилоятида профессионал таълим соҳасида ибратли ишлар амалга оширилаётганидан мамнунмиз. Айниқса, ёшларга замонавий ва меҳнат бозорида талаб юқори касбларни ўргатишда ўзига хос мактаб яратилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Соҳада “Фарғона тажрибаси”ни оммалаштириш ниятидамиз, – деди С.Сиддиқова.
Шунингдек, у профессионал таълимни ривожлантириш борасида ўз таклифларини бериб ўтди.
М. Сулаймонов, ЎзА