Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Профессионал таълим сифати халқаро тажриба асосида таъминланади
02:53 / 2024-08-22

Тошкентда YUNESСO шафелигида “Қишлоқларда ишга жойлашиш кўникмасини ошириш” лойиҳаси доирасида касбга ўқитиш ва таълим муассасалари учун сифатни таъминлаш ҳамда баҳолаш мавзусида тренинг бошланди.

2020 йилдан бошлаб Европа Иттифоқи молиявий кўмагида амалга ошириб келинаётган мазкур лойиҳа ҳукуматимизнинг қишлоқ жойларида аҳоли турмуш даражасини яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатини бошқарув ва сиёсат ислоҳотини модернизация қилиш ва сифатли профессионал таълимдан фойдаланиш имкониятини ошириш орқали қўллаб-қувватлайди. Ташаббус эркаклар ва аёллар, айниқса ёшлар бандлигини оширишга йўналтирилган бўлса-да, республикада барқарор, диверсификацияланган ва модернизация қилинган қишлоқ хўжалиги ҳамда сув хўжалиги тармоғи талабига жавоб берадиган зарур кўникмаларни эгаллашда ҳам асқотади.

Турли ҳудудлардан 60 га яқин мутахассис таклиф этилган тадбирдан кўзланган асосий мақсад касбий таълим муассасасида сифатни таъминлаш билан боғлиқ асосий вазифалар ҳақида батафсил маълумот бериш, тингловчиларни ўзаро баҳолаш ғояси ва методологияси билан яқиндан таништириш дан иборат.

Икки кун давом этадиган семинар дастуридан тажрибали халқаро экспертлар иштирокидаги мавзуга оид тақдимот, дарслар ўрин олган. Ҳар бир иштирокчи гуруҳларда сифатни таъминлаш мезони бўйича амалий машғулотда ҳам қатнашади.

Эътиборли жиҳати, лойиҳа айни йўналишда шакллантириладиган миллий ёндашувни Европада касбий таълим ва ўқитиш сифатини таъминлаш тизими билан уйғунлаштиришни кўзда тутган.

– Профессионал таълим тизимида ўрта бўғин кардлари салоҳиятини ошириш кўп жиҳатдан сифатга боғлиқ, – дейди Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Профессионал таълим тизимини ривожлантириш департаменти бошлиғи Ўткиржон Алижонов. – Тренинг давомида халқаро тажрибадан келиб чиқиб, профессионал таълимда сифатни қандай таъминлаш мавзуси кўриб чиқиляпти. Машғулотларда тингловчиларга янги тушунча бериш баробарида халқаро тажриба ҳам ўргатилади. Келажакда юртимиз таълим муассасаларига ўзини ўзи ва ўзаро баҳолаш методикаси жорий қилинади. Яъни, текширув органини кутмасдан, ўзаро ёки бир-бирини баҳолаб, мавжуд камчиликларни бартараф этиб, таълим сифатини ошириш мумкин. Миллий сифатни таъминлаш орқали эса ўқувчилар миллий ва саноат стандартига мос юқори сифатли таълим олишига эришилади, тизимга нисбатан ишонч, шаффофлик таъминланади. Натижада миллий малака тоифалари, дипломларимиз халқаро миқёсда тан олина бошлайди.

Тренингда хорижлик экспертлар мутахассисларга сифатни таъминлаш мезонидан тўғри фойдаланиш, ўзаро баҳолаш ҳисоботи, сифатни яхшилаш режасини тайёрлаш бўйича ҳам зарур билим, кўникма беришади.

Гўзал Сатторова, ЎзА