Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Профессионал таълим мутахассислари учун Германияда ўқув сафари ташкил этилди
16:29 / 2024-07-18

Германияда ўзбекистонлик профессионал таълим соҳасида фаолият олиб бораётган мутахассислар учун Германия ҳамкорлик ташкилоти (ГИЗ)нинг TVET академияси томонидан “Ўзбекистон касб-ҳунар таълими тизимидаги ислоҳотлар ва модернизация жараёнларини қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида ўқув сафари ташкил этилди.

“Дуал таълим тарғиботчилари” деб номланган дастурда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Профессионал таълимни ривожлантириш институти, Меҳнат бозори тадқиқотлари институти, касб-ҳунар мактаблари, “Ўзчармсаноат” ва “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси вакилларидан иборат биринчи гуруҳ иштирокчилари қатнашди.  

Сафарнинг дастлабки кунларида экспертларимиз EPIZ Глобал таълим маркази, Германия касаба уюшмалари конфедерацияси– DGB ва Берлин Сенати вакиллари билан учрашиб, уларнинг фаолияти билан яқиндан танишди.    

Шунингдек, иштирокчилар Берлин техника университетига ташриф буюриб, Германияда касбий ўқитувчиларни тайёрлаш бўйича махсус тақдимотда иштирок этди. Семинар давомида ўқув жараёнларини бевосита кузатиш ҳамда талабалар билан суҳбатлашиш имкони ҳам берилди.    

OSZ Mode – Мода ва либослар техникумидаги ташриф давомида эса ушбу муассаса ҳамда Тошкентдаги Шайхонтоҳур касб-ҳунар коллежи ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.  

Шунингдек, ўқув сафари давомида Берлин Федерал касб-ҳунар таълими институти, Саноат палатаси ҳамда компетенциялар марказида учрашувлар ташкил этилиб, ҳамюртларимиз соҳа вакилларидан профессионал таълим йўналишлари бўйича тажрибаларини ўрганишга муваффақ бўлди.  

Ушбу ўқув сафари профессионал таълим мутахассислари учун Германия тажрибасини яқинроқ ўрганиш ва унинг устун жиҳатларини аҳоли орасида тарғиб қилишга имкон беради. Дастурнинг иккинчи гуруҳ иштирокчилари учун ўқув сафари жорий йилнинг куз фаслида Миср давлатида ташкил этилиши режалаштирилган.    

Гулноза Бобоева,  

ЎзА