Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги ва Миллий олимпия қўмитаси ҳамкорлигида Олимпия ва паралимпия марказлари, мактаб-интернатлари ҳамда маҳорат мактаблари раҳбарларининг масъулиятини оширишга бағишлаб ўтказилган видеоконференция шаклидаги йиғилишда 2025 йилдаги натижалар сарҳисоб қилиниб, жорий спорт мавсумининг режалари кўриб чиқилди.
Муҳокамалар жараёнида 2025/2026 ўқув йилида ўтказилган профессионал спорт таълим муассасалари қишки аттестациянинг якунлари, эришилган ютуқлар қаторида йўл қўйилган камчиликлар ҳам мавжудлиги айтилди.
Шунингдек, жорий йил ўтадиган “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” ва “Президент Олимпиадаси” спорт мусобақаларига тайёргарлик жараёнлари, спорт турлари географияси, беллашувлар ўтадиган мажмуаларнинг ҳолати, спорт инвентарлари, шаффофликни таъминлаш, иштирокчи спортчиларни ERP-Sport тизими орқали рўйхатдан ўтказиш тартиби каби бир қатор масалалар қамраб олинди.

Йиғилишда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларининг 2025 йилги мусобақаларда эришган натижалари танқидий кўриб чиқилди.
Ўтган йили мавжуд 14 та Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларида тарбияланаётган спортчи ёшлар Ўзбекистон чемпионати ва кубоклари ҳамда халқаро спорт мусобақаларида 561 та медаллар шодасини қўлга киритган. Жумладан, Осиё чемпионати ва кубокларида 21 та, Жаҳон чемпионати ва кубокларида 7 та. Бироқ кўплаб марказларда маҳоратли спортчилар, тажрибали мураббийлар етарли бўлса-да ҳалигача жаҳон чемпионатларида юқори кўрсаткичлар қайд этилмаётгани таассуфли ҳол эканлиги қайд этилди.
Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказлари, Баҳодир Жалолов, Оксана Чусовитина номидаги ихтисослаштирилган спорт мактаблари, олимпия ва миллий спорт турлари бўйича мактаб-интернатлари ҳамда спорт турлари бўйича маҳорат мактаблари мутахассислари қатнашган йиғилиш якунида ҳар бир масала бўйича масъулларга аниқ вазифалар юкланди. Кўрсаткичларни мониторинг қилиб бориш, халқаро тажрибадан самарали фойдаланиш, мураббийлар малакасини доимий ошириб бориш лозимлиги таъкидланди.
Т.Рўзиев, ЎзА