Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда дастлаб «Пробация тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, суд томонидан тайинланган ахлоқ тузатиш, озодликни чеклаш, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ва мажбурий жамоат ишлари жазоларини ижро этиш, шартли ҳукм қилинган ва жазони ўташ муддатидан илгари шартли озод қилинган шахсларнинг хулқ-атвори устидан назорат қилишни тартибга солувчи ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат мавжуд эмаслиги ҳуқуқий бўшлиқ ва зиддиятли вазиятларни келтириб чиқармоқда.
Қонун лойиҳаси билан пробация тизимининг умумий қоидалари, пробация хизмати фаолиятини ташкил этиш тартиби, пробация назоратидаги шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати, пробациянинг пробация назорати тарзидаги шаклини қўллаш тартиби, пробация назоратидаги шахсларнинг хулқ-атворини баҳолаш мезонлари, пробациянинг ижтимоий мослаштириш тарзидаги шаклини қўллаш тартиби каби масалалар тартибга солинмоқда.
Шунингдек, пробация хизмати ходимларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси, пробация хизмати фаолиятига кўмаклашиш, қўллаб-қувватлаш ҳамда ушбу фаолиятни назорат қилиш тартиби белгиланмоқда.
Депутатлар таъкидлаганидек, мазкур қонун лойиҳасининг амалиётга кенг жорий этилиши инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, пробация назоратидаги шахсларда қонунга итоаткор хулқ-атворни ва жамиятда юриш-туриш қоидаларига ҳурмат муносабатини шакллантириш, уларни ижтимоий мослаштириш, янги жиноят содир этишининг олдини олишга хизмат қилади.
Шунингдек, мазкур қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида ҳам қизғин муҳокама қилиниб, таклиф ва фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Бундан ташқари, фракция аъзолари «Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам иккинчи ўқишда кўриб чиқишди.
Мазкур қонун лойиҳасини қабул қилиш орқали Фуқаролик кодексида назарда тутилган қоидаларнинг турлича талқин қилинишининг олдини олиш ҳамда мулкка бўлган ҳуқуқларни бекор қилиш ва мулкка доир муносабатлар тартибга солинишига эришилади. Қонун лойиҳасидаги нормалар атрофлича кўриб чиқилиб, фракция аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА