Сурхондарё вилояти ИИБ Денов тумани ички ишлар бошқармаси жамоат хавфсизлиги хизмати пробация бўлинмасида ҳисобда турувчи хотин-қизлар билан тарбиявий – профилактик учрашув ўтказилди.
Унда Денов тумани ИИБ бошлиғи, подполковник Ш. Нармуродов ва бошқалар пробация ҳисобида турган хотин-қизлар билан суҳбат ўтказиб, уларнинг муаммоларини ўрганди, мурожаатларини тинглади.
Туманда пробация ҳисобида турган хотин-қизларнинг хулқ-атворини ижобий томонга ўзгартириш, уларни соғлом турмуш тарзига қайтариш, жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш юзасидан муайян ишлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда туман ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати пробация бўлинмасида 60 дан ортиқ хотин-қиз ахлоқ тузатиш, муайян ҳуқуқдан маҳрум этиш ва озодликни чеклаш жазоларини ўтамоқда.

Уларни касб-ҳунарга ўқитиш, иш билан таъминлаш, “Аёллар дафтари”га киритиш орқали ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилмоқда. Маҳкумаларнинг психологик ҳолатини ўрганиш учун психологик портрети тузилиб, салбий, нейтрал ва ижобий мезонлар асосида баҳоланмоқда. Вилоят ИИБ ахборот хизматининг қайд этишича, уларнинг психологик ҳолатини ўрганиш хотин-қизларни жиноят олами таъсиридан чиқариш, уларда инсонийлик, ватанпарварлик, меҳнатсеварлик ва ҳалол ҳаётга бўлган муносабатни шакллантиришга хизмат қилади.
Учрашувда маҳкумаларнинг барча мурожаатлари тегишли тартибда кўриб чиқилиб, ечимини топиш йўллари белгиланди. Келгусида қайта жиноят содир этмаслик масалалари ҳам атрофлича муҳокама этилиб, хотин-қизларнинг ҳаётида ижобий бурилиш ясаш, қонуний ва мазмунли ҳаётга йўналтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири