Педагогикада кўргазма методи ўқувчи онгига таъсир ўтказувчи ёндашув сифатида алоҳида қайд этилган. Айниқса, у тарих манзаралари бўлса, натижа ижобий самара бермай қолмайди.
Шуни яхши англаган ҳолда, Олмазор тумани ички ишлар органи фаолиятни мувофиқлаштириш бўлинмаси томонидан профилактик ҳисобда турувчи ҳамда Пробация бўлими рўйхатида турувчи ёшларни тарихий қадриятлар, анъаналаримизга содиқлик, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ўтмиш аждодларимиз жасорати, мардлиги, қаҳрамонлиги билан таништириш қаторида маданий ҳордиқ чиқаришларини таъминлаш мақсадида “Ғалаба” боғига ташриф уюштирилди.
Ёшлар боғ ҳудудида жойлашган “Шон-шараф” давлат музейи, “Мангу жасорат” ва “Матонат мадҳияси” монументлари, тарихий-бадиий экспозицияларни катта қизиқиш билан томоша қилди.
Урушнинг даҳшатли қиёфаси, ҳарбий техникалар майдончалари, фронт орти ҳудуди, мотам ва андуҳ, ғалаба, шоду хуррамлик ва шукроналик ҳудудлари қаторида “Кўз ёши” мажмуасида жойлашган маълумотлар билан яқиндан танишди.
Айниқса, “Уруш даври мактублари” бурчагидан жой олган мактублардаги соғинч ва айрилиқ хабарномалари уларни таъсирлантирди.
Шулар қаторида боғнинг миллий услубда безатилиши, мавзулар бўйича маълумотлар олиш учун ўрнатилган электрон жиҳозлар, дам олиш жойлари, кутубхона, саҳна майдонлари ёшларда катта таассурот қолдирди. Бу каби эзгулик ва хайрли тадбирлар ёшлар тарбиясида муҳим ўрин тутиши билан аҳамиятлидир.
Шербек Исломов, ЎзА