Президентнинг Наманган вилоятига ташрифи бошланди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни, йирик лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 2019 йил 28 февраль куни Наманган вилоятига ташриф буюрди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни, йирик лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 2019 йил 28 февраль куни Наманган вилоятига ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбари 2018 йил 2-3 май кунлари вилоятга ташрифи давомида берган топшириқлари ижросини таъминлаш борасида муайян ишлар амалга оширилди.
Президентимизнинг 2018 йил 2 июлдаги “Наманган вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва топшириғи асосида Наманган шаҳрида 6 та кичик саноат зонаси ташкил этилди. Айни пайтда тадбиркорлар ташаббуси билан кичик саноат зоналарида умумий қиймати 1 триллион 229 миллиард сўмликдан ортиқ 211 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Қарийб 124 гектар майдонни эгаллаган “Орзу”, “Пахталиккўл”, “Юксалиш”, “Хонобод”, “Машад”, “Зарбдор” кичик саноат зоналарида режалаштирилган барча лойиҳалар тўлиқ қувват билан ишга тушгач, 16 мингдан зиёд иш ўрни яратилади.
Жумладан, 10 гектарга яқин майдонда ташкил этган “Орзу” кичик саноат зонасида умумий қиймати 142,3 миллиард сўмлик 22 та лойиҳани амалга ошириш ва уларда 2 минг 250 иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Бугунги кунда бу ерда фаолиятини тўлиқ йўлга қўйган 12 та корхонада 900 киши иш билан таъминланган.
“Боссер Текстил сервис”, “Идеал Текстил Орзу”, “Суғдиёна файз текстил”, “Нуробод сифат текстил”, “White gold towel textile”, “Порлоқ текстил либослари”, “Авазхон келажак” каби тикувчилик ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарда 20 нафардан 300 нафаргача аҳоли доимий иш ўрнига эга бўлди. “Орзу” кичик саноат зонасидаги “Кварц саноат” корхонасида сумка, “Улуғ-Б” корхонасида полиэтелин маҳсулотлари, “Мега эко пласт” корхонасида полиэтилентерефталат гранулалари ишлаб чиқариш, “Перфект фрутис”, “Артел” корхонаси маҳсулотларини етказиб бериш, “Универсал Фуд Траде” томонидан мева-сабзавотни сақлаш ва қайта ишлаш фаолияти йўлга қўйилиб, юзлаб иш ўринлари яратилди. Бу юқоридаги лойиҳаларнинг дастлабки босқичида эришилган натижалар экани ва улар тўлиқ қувват билан иш бошлагач, иш ўринлари сони яна икки баробар ортишини таъкидлаш жоиз. Шунингдек, жорий йил биринчи ярмида “Орзу” кичик саноат зонасида яна 10 та лойиҳа ишга туширилиб, 1 минг 700 та иш ўрни яратилади.
“Орзу” кичик саноат зонасида фаолият кўрсатаётган “Идеал Текстил Орзу” МЧЖ қиймати 22 миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилиб эркаклар учун костюм ва бошқа мавсумбоп курткалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Йилига 250 минг дона турли ассортиментдаги кийим-бош ишлаб чиқариш қувватига эга корхонада тайёрланган хушбичим либосларнинг 60 фоизи ташқи бозорга чиқарилиши кўзда тутилган.
“Пахталиккўл” кичик саноат зонасида умумий қиймати 41,5 миллиард сўмлик 15 та лойиҳага мувофиқ, 1 минг 220 та иш ўрни очиш режалаштирилган. Ҳозир кичик саноат зонасида 7 та лойиҳа асосида ишга туширилган “Истиқбол пойабзал савдо”, “Исоқжонов Мирзоҳид”, “Маржон”, “Ҳабиб ҳамкор бизнес”, “Темирпўлат дизайн”, “Оташ қурилиш инвест” каби корхоналарда 200 га яқин янги иш ўрни яратилди.
“Юксалиш” кичик саноат зонасида амалга оширилиши режалаштирилган умумий қиймати 881,7 миллиард сўмлик 7 минг 200 дан зиёд иш ўрни яратиш имконини берадиган 70 та лойиҳадан 22 таси амалиётга татбиқ этилди. Натижада ҳудудда ташкил этилган корхоналарда 500 нафар мутахассис иш билан таъминланди.
Иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида вилоятда 2018 йил давомида Президентимизнинг 2018 йил 3 февралдаги “2018 йилда аҳоли бандлигига кўмаклашиш Давлат дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори асосида барча йўналишларда 22 минг 506, ўтган йили Наманган вилоятига ташрифи доирасида қабул қилинган дастури асосида 48 минг 782 иш ўрни яратилди.
Президентимиз топшириғи асосида айни пайтда Корея Республикасининг “Hyundai Motor”, “Evergreen Motors” ва “Posco-Daewoo corporation” компаниялари ҳамкорлигида Тўрақўрғон туманида “Hyundai” тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш заводи қурилиши давом этмоқда. Жорий йилнинг сентябрида маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлайдиган мазкур корхонада дастлаб йилига 400 та кичик юк машиналари, микроавтобуслар ҳамда автобуслар ишлаб чиқарилади. Дастлабки босқичда корхонада 1000 киши ишли бўлади.
Давлатимиз раҳбари Наманган вилоятига ташрифи давомида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва истиқболли лойиҳалар, янги саноат корхоналари, энергетика ва туризм объектлари билан танишиш режалаштирилган.