Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастури мақулланмоқда
15:48 / 2021-10-12

Жорий йил 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим аҳамият касб этиши туфайли айни кунларда сиёсий партиялар томонидан олиб борилаётган ташвиқот ва тарғибот ишлари авж палласига кирди.

Хусусан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати Ўзбекистон Либерал демократик партияси Наманган вилояти кенгаши томонидан жойларда сайловолди учрашувлари қизғин олиб борилмоқда. ЎзА мухбирининг ЎзЛиДеПдан Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятидаги ишончли вакили, Наманган вилояти Нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Икромхон Нажмиддинов билан суҳбати айни шу мавзуда бўлди.

– Икромхон Ҳошимхонович, даставвал, ЎзЛиДеПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Намангандаги ишончли вакили сифатида вилоят шаҳар ва туманларида, меҳнат жамоаларида ўтказилаётган сайловолди учрашувлари ҳақида қисқача тўхталсангиз.

– Партиямиз томонидан сайловолди учрашувларини ташкил этиш бўйича алоҳида жадвал тузилган. Унга кўра, вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида, турли касб эгалари, хусусан, тадбиркорлар ва ишбилармонлар, ёшлар, хотин-қизлар вакиллари билан учрашувлар, давра суҳбатлари, мулоқотлар ўтказиш кўзда тутилиб, шу кунга қадар белгиланган жойларда икки мартадан учрашувлар бўлиб ўтди.

Аввало шуни таъкидламоқчиманки, бугун одамлар сиёсатга, ислоҳотларга катта қизиқиш билан қараяпти. Шавкат Миромоновичнинг 2016 йилда эълон қилинган сайловолди дастури асосида ўтган беш йил ичида эришилган натижаларни ҳаётий мисоллар билан сайловчиларнинг онгу шуурига етказишга ҳаракат қиляпман. Масалан, биринчи навбатда “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак”, деган тамойилнинг амалдаги ижросига тўхталяпман.  

Бундан беш-ўн йил олдин “Давлат-жамият-инсон” деган қоида асосида иш юритилган бўлса, бугун биринчи ўринга инсон, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари қўйилаётганини, вазирлар, ҳокимлар, давлат бошқаруви, банк, молия, солиқ идораларининг раҳбарлари ва ходимлари, депутатлар халқнинг ичига кириб бораётгани, маҳаллабай, фуқаробай ишлаш тизими яратилгани ҳақида тушунча беряпман.

– Тарғибот тадбирларида ҳар бир туман, шаҳарнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, одамларнинг турмуш фаровонлиги ўсиб бораётгани ҳақида ҳам маълумотлар бериляптими?  

– Албатта. Менинг қўлимда Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг келгуси беш йилликка мўлжалланган сайловолди дастури билан бирга Наманган вилоятининг ижтимоий-иқтисодий кўрсаткичлари ҳам бор. Шунинг учун ҳар бир тадбирда қўлимдаги мавжуд факт ва рақамлардан ўрни билан фойдаланаман.

Масалан, иқтисодий соҳада сўз юритиладиган бўлса, вилоятда беш йил ичида 1,3 млрд долларлик 45 та йирик “мега лойиҳа” ишга туширилишини, Наманган шаҳри, Тўрақўрғон ва Чортоқ туманларида 313 гектар майдонда “Наманган текстиль” саноат зонаси ташкил қилиниб, 560 млн. АҚШ долларлик 22 минг иш ўринга мўлжалланган 710 та лойиҳа амалга оширилишини, спорт кийимлари, ёзги ва қишки устки кийимлар, жинси каби экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга етакчи жаҳон брендлари жалб қилинишини таъкидлаб боряпман.

Эътиборлиси шундаки, Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев томонидан Наманган вилояти учун алоҳида белгиланган, келгуси беш йилликка мўлжалланган дастур аҳоли томонидан катта қизиқиш билан қарши олинмоқда.  

– Сайлов бу муҳим сиёсий жараён. Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси қабул қилинган. Тадбирларда фуқароларнинг сайловларда иштирок этиш ҳуқуқлари, сайлов қонунчилигига киритилган ўзгаришлар тўғрисида ҳам фикр-мулоҳазалар бўляптими?

– Ҳа, албатта. Ушбу масала ҳам эътиборимиздан четда қолмаяпти. Сайловнинг моҳияти, унда иштирок этиш тартиб-қоидаларини ҳам эслатиб боряпмиз. Айниқса, бу йил биринчи марта сайловда қатнашадиган ёшларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериб борилмоқда. Шунингдек, муддатидан олдин овоз бериш тартиб-қоидаларини ҳам тушунтириб келяпмиз.

Энг муҳими, фуқаролар 24 октябрь куни ўтказилажак Президентлик сайлови халқимизнинг эртанги келажаги эканлигини белгиловчи муҳим сиёсий танлов эканини чуқур англаб, сайловолди дастурларда ҳар битта йўналиш бўйича белгиланган режа ва вазифаларга алоҳида эътибор билан катта қизиқиш билдирмоқда. Бу эса, халқимизнинг сиёсий онги ва маданияти ошиб, мамлакатимизда кечаётган ислоҳот ва ўзгаришларга бефарқ эмаслигидан далолат беради.

 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА