Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Улуғбек Иноятов Навоий юридик техникумида сайловчилар билан учрашди.
Дастлаб сайловчиларга номзоднинг таржимаи ҳоли ўқиб эшиттирилди. Шундан сўнг Президентликка номзод Улуғбек Иноятов сўзга чиқиб, сайловолди дастурида белгиланган асосий йўналишлардан ўрин олган 9 йўналишдаги 100 га яқин ғоя ҳамда ташаббуслари ҳақида батафсил маълумот берди.
Таъкидланганидек, дастурда мамлакатимизда ижтимоий адолат, тенглик ва халқ ҳокимиятчилиги мезонларига мос келадиган демократик ижтимоий давлатни барпо этишга алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, дастурда ҳар бир шахснинг уй-жой, коммунал хизматлар, замонавий таълим ва малакали тиббий ёрдам, маданият ва спорт, муносиб иш ҳақи олишга бўлган ҳуқуқларини адолатли ва тенг таъминлаш, ногиронлиги бўлган шахслар, ота-онаси қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича муҳим қонунларни қабул қилиш ва уларни амалда ижросини таъминлаш энг муҳим масала сифатида илгари сурилган.
Президентликка номзоднинг сайловолди дастурида кучли ижтимоий ҳимоя йўналишига алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжлари, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш мақсадида шаҳар йўловчи транспорти, ижтимоий ва бошқа инфратузилма объектларидан эркин фойдаланиши учун зарур шароитларни кенгайтириш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.
[gallery-12524]
Сайловолди дастурда давлат фуқароларнинг таълимга оид ҳақ-ҳуқуқларини амалга оширишни ўз зиммасига олиши энг муҳим вазифа эканлиги алоҳида қайд этилган бўлиб, аҳолининг барча қатламларига тенг имкониятлар яратилиши лозим.
– Болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олишни юз фоизга етказиш, 6 ёшгача бўлган болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлов билан бепул тўлиқ қамраб олиш биринчи даражадаги вазифадир, – деди Улуғбек Иноятов. – Шунингдек, ўқувчилар учун жамоат транспортидан бепул фойдаланиш, бир навбатли мактаблар ва битта синфда кўпи билан 25 нафар ўқувчи бўлиши, улар учун барча қулай шароитларни яратиб бериш керак. Шунингдек, чет тиллари ва ахборот технологиялари бўйича ўқув соатларини кўпайтириш, мактаб ерларини ноқонуний сотиб юборишларга чек қўйиш, давлат гранти асосида ўқийдиган талабалар улушини 50 фоизга етказиш, талабаларнинг дарсларга иштироки ва инновацион фаолиятни инобатга олиб стипендиялар миқдорини белгилаш, инклюзив таълимни ривожлантириш соҳасида фаолият юритаётган ўқитувчиларга имтиёзлар берилиши керак.
Дастурда мамлакатнинг иқтисодий қудрати, энг аввало, кафолатланган бюджетга бевосита боғлиқлигини инобатга олиниб, ундириладиган барча тўловларни давлат бюджетига йўналтириш тартибини жорий этиш таклиф этилмоқда.
Учрашувда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Улуғбек Иноятовнинг сайловолди дастурини қўллаб-қувватлашларини билдириб, барчани ушбу номзодга овоз беришга ҳамда 9 июль куни бўлиб ўтадиган сайловда фаол иштирок этишга чақирди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА.