Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Нарзулло Обломуродов Тошкент вилоятидаги сайловчилар билан учрашувда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда сувни чучуклаштирувчи локал қурилмалар барпо этиш орқали олис қишлоқларда сув таъминоти сезиларли даражада яхшиланишига эришиш мумкинлигини қайд этди. Шунингдек, чиқиндиларни қайта ишлаш, экологик таълим-тарбия ва маданиятни ривожлантириш, саноат корхоналарининг атмосферага чиқарадиган зарарли моддалар миқдорини камайтириш чора-тадбирлари каби муҳим масалалар ҳақида гапирди.
– Биз “Она табиатни асраб-авайлаш муқаддас бурчимиздир!” шиори остида аҳоли учун қулай яшаш шароитларини яратиш мақсадида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳоли саломатлигини сақлаш борасида барча чораларни кўрамиз, – деди номзод. – Ичимлик суви таъминоти лойиҳаларида бозор механизмларини жорий этишга, лойиҳа ташаббускорининг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар сув ҳисоблагичларнинг ўрнатилиши натижасида сув ресурсларидан самарали фойдаланишга эришилади.
Оқова сувларни тозалаш иншоотларининг самарадорлиги паст бўлган ҳудудларда, жумладан Ангрен, Гулистон, Самарқанд, Жиззах, Урганч, Нукус, Андижон, Чирчиқ ва Тошкент шаҳарларидаги оқова сувларни тозалаш иншоотларини модернизация қилиш ҳамда янгиларини қуриш чоралари кўрилади.
А.Мусаев, ЎзА