Номзод қашқадарёлик сайловчилар билан учрашувда бу ҳақда куйиниб гапирди.
– Ҳар йили миллионлаб тонна чиқиндилар ер усти ва ер ости сувларини, атмосфера ҳавосини ва тупроқни ифлослантиради. Бу эса юқумли касалликлар, шу жумладан саратон касалликларининг сонини кўпайишига, ичимлик суви сифатининг ёмонлашишига, юзлаб гектар экин майдонларини фойдаланишдан чиқарилишига олиб келади.
Саноат корхоналари чиқиндилари ва қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш орқали атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш долзарб вазифаларимиздан эканини қайд этамиз. Глобал ривожланиш шароитида вужудга келган чиқинди муаммоларини самарали ҳал этиш мақсадида маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ҳажмини 40 фоизга, ҳосил бўлаётган саноат чиқиндиларини қайта ишлаш миқдорини эса 20 фоизга етказиш зарур.
Ушбу мақсадларга эришиш учун қуйидаги вазифалар амалга оширилади:
Соҳага давлат-хусусий шерикчилик тамойилларини, бозор бошқаруви тизимини рағбатлантиришга йўналтирилган ҳуқуқий механизмни жорий этиш; саноат ва маиший чиқиндиларни бошқариш соҳасида замонавий технологияларни жорий этиш; хўжалик ва бошқа фаолият объектлари чиқиндиларини зарарсизлантириш ва хавфсиз жойлаштирилишини техник воситалар билан жиҳозлаш бўйича талабларни кучайтириш; сақлаш ва кўмиб ташлаш мақсадида мамлакат ҳудудига чиқиндиларни, шу жумладан четдан радиоактив чиқиндилар ва хавфли чиқиндиларнинг ҳар қандай турларини олиб киришни тақиқлаш; чиқиндиларни аҳоли пунктлари ерларида, табиатни муҳофаза қилиш объектларига ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга зарар етказиш хавфи юзага келиши мумкин бўлган бошқа жойларда сақлаш ва зарарсизлантиришни чеклаш; чиқиндиларни қайта ишлаш ҳамда улардан иккиламчи хомашё сифатида фойдаланиш орқали уларнинг ҳажмини қисқартириш.
Ўлмас Баротов,
Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА