Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Нарзулло Обломуродовнинг Тошкент вилоятидаги сайловчилар билан учрашуви давом этмоқда.
Нарзулло Обломуродов учрашувда ҳаво мусаффолигини муҳофаза қилиш, унинг сифат кўрсаткичларини экологик нормативларга мувофиқлигини таъминлаш партия олдида турган муҳим ва асосий мақсад эканини таъкидлади.

– Жойларда атроф-муҳитни меъёридан ортиқ ифлослантирувчи манбаларни аниқлаш орқали уларнинг технологик жараёнларини модернизация қилиш, янги инновацион технологияларни жорий этишнинг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиш зарур, – деди Нарзулло Обломуродов. – Атмосфера ҳавосига салбий таъсир кўрсатувчи ҳар қандай хўжалик фаолияти турларини ифлослантирувчи моддаларни тозалаш ускуналари билан жиҳозламасдан лойиҳалаштиришни тақиқлаш керак. Қайд этилганидек, чиқиндиларни утилизация қилиш, уларни тўплаш ва қайта ишлашда ҳаво ифлосланишининг олдини олиш чораларини кўриш мақсадга мувофиқдир.
Учрашувда бу борадаги мавжуд муаммоларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Абдулазиз Мусаев, ЎзА