Тошкент вилоятидаги сайловчилар билан учрашувда Ўзбекистон Экологик партиясидан Президентликка номзод Нарзулло Обломуродов аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни тубдан яхшилаш, илғор хорижий тажрибалар асосида узлуксиз таълимнинг сифат даражасини кўтариш, илм-фан ривожини жадаллаштириш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишларга ҳам тўхталди.
– Ушбу вазифаларга эришиш мақсадида, тиббиёт соҳасида “Соғлом муҳит – инсон саломатлиги!” шиори остида аҳоли саломатлигини сақлаш, тиббий хизмат сифатини ошириш, фуқароларнинг ўртача ҳаёт давомийлигини оширишга хизмат қилувчи тиббиёт соҳасидаги ҳуқуқий база такомиллаштирилади, – деди Нарзулло Обломуродов. – Рақамли тиббиётнинг асосий инфратузилмасини яратиш, тиббиёт соҳасининг моддий-техник базасини кучайтириш, тиббий техника ва дори-дармон ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражаси оширилади.
Шунингдек, дастурда санитария-эпидемиология соҳасида потенциал хавф-хатарларни прогноз қилиш, баҳолаш, юқумли касалликлар табиий ўчоқлари устидан эпидемиологик мониторинг ва эпидемияга қарши профилактик тадбирлар мажмуи амалга оширилиши белгиланган. Аҳолининг кам таъминланган қатламлари ва экологик номақбул ҳудудлар аҳолиси учун ижтимоий тиббий хизмат кўрсатишнинг ҳуқуқий асослари ишлаб чиқилиши ва жорий этилиши белгиланган.
Учрашувда таъкидланишича, соғлом турмуш тарзи ҳаётга кенг татбиқ этилиб, оммавий спорт турлари янада ривожлантирилиши, соғлом овқатланиш маданиятини жорий этиш бўйича мажмуавий чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланган. Жойларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва соғлиқни сақлаш тизими такомиллаштирилиши режалаштирилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА