Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президентликка номзод Мақсуда Ворисова аҳолининг даромадига қараб табақалаштирилган солиқ солиш тизимини жорий этиш таклифини илгари сурди
15:07 / 2021-10-06

Андижонда Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисованинг сайловчилар билан учрашуви давом этмоқда.

Номзод томонидан юқори ҳақ тўланадиган барқарор иш ўринлари яратиш, меҳнатга лаёқатли аҳолининг шахсий ташаббуслари ва уддабуронлигини рағбатлантириш, олис ва чекка ҳудудларда шифокорлар ҳамда ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжни қоплаш учун “Қишлоқ шифокори” ва “Қишлоқ ўқитувчиси” дастурларини амалга ошириш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш тизимини қонунчилик асосида мустаҳкамлаш, ёшларнинг касб-ҳунар танлаши, бепул ва сифатли таълим олиши, ўқув муассасаларини тугатгандан сўнг ишга жойлашиш кафолатини мустаҳкамлаш, ҳар бир инсоннинг ижтимоий хизматлардан тўла ва бепул фойдалана олишини қонунчилик даражасида ва амалда кафолатлаш учун барча чоралар кўрилиши  зарурлиги қайд этилди.  

Шу билан бирга, пенсионерларнинг ҳаёт даражасини яхшилаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш, кам таъминланган, лекин боқимандалик кайфиятида юрган фуқароларни жамиятнинг фаол иштирокчисига айлантириш, ёлғиз кексалар, ота-она қарамоғисиз қолган болалар ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаётий эҳтиёжларига эътиборни кучайтириш, ногиронлар жамиятларига давлат субсидияларини ажратиш юзасидан таклифлар илгари сурилди.  

– Мамлакатимизда аҳолининг даромадига қараб табақалаштирилган солиқ солиш тизимини жорий этиш, ҳар бир инсоннинг минимал ижтимоий хизматларни бепул олишини қонунчилик даражасида кафолатлаш лозим, – деди Мақсуда Варисова. – Бу аҳоли манфаатларини таъминлашга қаратилган  ижтимоий ҳимоянинг, қолаверса, фуқаролар меҳнати рағбатининг адолатли мезони бўлади.

Шунингдек, учрашувда  илғор хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, давлат-хусусий ҳамда ижтимоий шериклик асосида аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатиш амалиётини янада ривожлантириш юзасидан ҳам таклифлар билдирилди.

 

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,

З. УМРЗОҚОВ (сурат),ЎзА