“Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Робахон Маҳмудова Қўштепа туманида фарғоналик сайловчилар билан учрашди.
Учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, партия фаоллари, талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Дастлаб, номзоднинг бош ишончли вакили Иномжон Қудратов Робахон Маҳмудова ҳақида йиғилганларга батафсил маълумот берди.
Шундан сўнг, Президентликка номзод Робахон Маҳмудова сайловчилар билан юзлашар экан, сайловолди дастурида, энг аввало, ватанимиз тараққиёти йўлида ҳуқуқий давлат қуриш, ижтимоий адолатни ҳамда миллий иқтисодиётимизнинг барқарор ўсишини таъминлаш, илм-фан, инновациялар ва таълим соҳасини барқарор ривожлантириш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш каби улуғвор мақсадлар назарда тутилганлигини таъкидлаб ўтди.
[gallery-12447]
Шунингдек, мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишини таъминлаш йўлида жамиятнинг инновацион, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш ва инсон капиталини ривожлантириш каби долзарб масалаларда аниқ мақсад, вазифалар таклиф этилаётганлиги қайд этилди.
Номзоднинг сайловолди дастурида, шунингдек, “Ақлли тиббиёт” тизимини шакллантириш, жамиятда ўқитувчилар мақомини ошириш, субсидиялар бериш тизимини янада такомиллаштириш ва мақсадли ишлатилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, божхона ва солиқ имтиёзларини такомиллаштириш, имтиёзларни аниқ соҳаларга бериш, ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий бир хил ўсишни таъминлаш, барча туман ва шаҳарларни бир маромда ривожлантиришга қаратилган ғоялар илгари сурилаётганлиги айтиб ўтилди.
Жараёнда номзоднинг сайловолди дастури юзасидан Робахон Маҳмудованинг Фарғона вилоятидаги ишончли вакили Гулбаҳор Саидғаниева, халқ депутатлари Фарғона туман кенгаши депутати Назиржон Исақов, Сўх туман кенгаши депутати Қодирбек Амирбеков сўз олиб, таклиф этилаётган устувор мақсад ва ғоялар халқ фаровонлиги ҳамда Ватан равнақига хизмат қилишини эътироф этар экан, тадбир иштирокчиларини 9 июль куни бўлиб ўтадиган Президент сайловида номзодни қўллаб-қувватлашга чақирди.
Учрашув якунида Президентликка номзод Робахон Маҳмудова сайловчиларнинг саволларига батафсил жавоб берди.
М.Сулаймонов, ЎзА
М.Қодиров олган сурат