Чирчиқ шаҳридаги “Кимёгарлар” маданият саройида “Адолат” социал-демократик партиясидан Президентликка номзод Робахон Махмудова сайловчилар билан учрашди.
Тадбирда партия фаоллари, депутатлар, меҳнат фахрийлари, фаол хотин-қизлар ва ёшлар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Ишончли вакил – “Адолат” СДП вилоят Кенгаши депутати Гулнора Аҳмедова номзоднинг таржимаи ҳоли ва фаолияти тўғрисида атрофлича маълумот берди. Шундан сўнг Президентликка номзод Робахон Махмудова ўз сайловолди дастурида илгари сурилган устувор ғоялар, мақсадлар, асосий масалаларни сайловчилар эътиборига ҳавола этди.
Номзоднинг сайловолди дастурида ватанимиз тараққиёти йўлида ҳуқуқий демократик, ижтимоий давлат ва барча учун фаровонлик таъминланган адолатли фуқаролик жамияти қуришнинг социал-демократик модели таклиф этилаётганлиги таъкидланди. Хусусан, номзод дастурида инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари давлат ва жамиятнинг энг юксак қадриятлари эканлиги тан олиниб, жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида ҳар бир инсоннинг фаровон ҳаёт кечириши учун зарур шароитлар яратиш, ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш, мамлакатимизни эркинлик, адолатлилик, бирдамлик, ижтимоий ҳимоя ва масъулият тамойиллари ҳукмронлик қиладиган, инсонларнинг кескин табақаланишига йўл қўйилмайдиган кучли ижтимоий давлат сифатида, аҳолининг юқори турмуш даражасига эга ривожланган давлатлар қаторига қўшилишига эришиш каби вазифа ва мақсадларга алоҳида эътибор қаратилган.
Қолаверса, дастурда халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи эканлиги ҳақидаги конституциявий принцип давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида таъкидланиб, халқ ҳокимиятининг ёрқин тимсоли бўлмиш вакиллик демократияси институтининг роли ва аҳамиятини янада ошириш, мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишини таъминлаш, жамиятнинг инновацион, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш ва инсон капиталини ривожлантириш каби масалаларда изчил таклифларнинг илгари сурилаётгани йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.
Конструктив руҳда, қизғин савол-жавобларга бой бўлган учрашув сўнггида тадбир қатнашчилари юрт равнақи, фуқаролар фаровонлигини таъминловчи муҳим сиёсий тадбирларда фаол иштирок этишларини билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Робахон Махмудованинг сайловчилар билан учрашувлари давом этади.
А.Мусаев,ЎзА.