Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Улуғбек Иноятов Бухоро вилоятида сайловчилар билан учрашди.
Унда вилоят ёшлари, жамоат ташкилотлари аъзолари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партия фаоллари ва оммавий ахборот вакиллари иштирок этди.
Учрашувни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Бухоро вилояти кенгаши раиси Зулфия Тўйева олиб борди. Ишончли вакил сайловчиларга номзоднинг таржимаи ҳолини ўқиб берганидан сўнг, номзод сўзга чиқиб дастуридан ўрин олган таклиф ва ташаббуслар мазмунини сайловчиларга тушунтирди.
Хусусан, номзод томонидан мамлакатимизда кучли фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш бўйича ташаббусларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Фуқаролик жамияти институтлари мамлакатда демократия, ҳуқуқий давлат ва шахс эркинликларини таъминлашнинг муҳим кафолати бўлиб хизмат қилишини инобатга олиб, дастурда давлат бошқарувида фуқаролик жамияти институтларининг бевосита иштирокини кенгайтиришга, жамоатчилик назоратини янада мустаҳкамлашга қаратилган бир қатор таклифлар ўз аксини топганлиги таъкидланди.
[gallery-12504]
Дастурда таклиф этилаётган давлат функцияларини босқичма-босқич фуқаролик жамияти институтларига бериб бориш орқали уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий шериклик асосида хизмат кўрсатишга ўтиш, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ижтимоий ҳамда давлат-хусусий шериклик амалиётини кенг ривожлантириш ташаббуси нодавлат нотижорат ташкилотларининг роли ва аҳамиятини, ижтимоий фаоллиги ва фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Номзод кутубхоналардан фойдаланиш имкониятини ошириш масаласига эътибор қаратди.
Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод кутубхоналардан фойдаланиш имкониятини ошириш, уларни барча учун фойдаланиш эркин бўлган ахборот-маданий марказларга айлантиришни таклиф қилди. Мазкур ташаббус аҳолининг ижтимоий фаоллигини кучайтиришга, жамиятда фуқаролик маърифати юксалишига қўшимча шароит яратади.
Сайловолди дастурида шаҳарлар ва аҳоли яшаш пунктларида яшил ҳудудлар, истироҳат боғлари, болалар ўйингоҳларини кенгайтириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг дам олиши учун шароитларни яхшилаш масаласи ҳам назарда тутилган.
Мазкур ташаббус аҳолининг барча қатламлари кўнгилли ҳордиқ олиши учун тенг имкониятлар яратишга ҳисса қўшади. Аҳолининг шахсий ташаббуслари ва уддабуронлигини рағбатлантириш таклиф этилди.
Умуман, номзод дастурида барча инсонларнинг ёши, жинси, ногиронлиги, миллати, дини ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётда фаол иштирок этишини қўллаб-қувватлаш устувор ғоялардан бири сифатида белгиланган.
Учрашувда самимий ва кўтаринки муҳит ҳукмрон бўлди. Сайловчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан Президентликка номзодга мурожаат қилди ва ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Учрашувда сўзга чиққан фаоллар Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод дастурини қўллаб-қувватлашга, сайловда фаол фуқаролик позициясини намоён этган ҳолда иштирок этишга даъват қилди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА