«Адолат» социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимов куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимида ёш олимлар билан биргаликда давра суҳбати ўтказилди.
Ҳозирги пайтда дунёда кечаётган шиддатли рақобатга фақат замонавий илм-фан, юқори технологиялар ва инновация ютуқларини кенг жорий этиш орқали муносиб жавоб бериш мумкиндир. Адолатли жамият ва адолатпарвар давлат барпо этишда таълим, илм-фан ва инновациянинг аҳамияти беқиёс.
Шу муносабат билан мазкур йўналишда бир қатор ғоя ва таклифлар, хусусан, мамлакатимизда илм-фанни молиялаштиришга сарфланадиган маблағ миқдорини 2030 йилга келиб ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизига қадар ошириш, уни давлат бюджетидан молиялаштириш масаласини босқичма-босқич таъминлаш таклифи илгари сурилмоқда.
Олимлар, ихтирочилар ҳар томонлама қўллаб-қувватланади, рағбатлантирилади ва уларга ижод учун зарур шароитлар яратилади. Иқтисодиётнинг ҳақиқий локомотиви бўлган инженер, технолог, агроном-механизатор каби мутахассисларнинг сони кўпайтирилади ва малакаси оширилади.
Давра суҳбати давомида бугунги кунда ёш олимларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, лойиҳалари, ғоялари, мавжуд муаммолари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА