French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президентликка номзод Баҳром Абдуҳалимов: “Европа ҳали Конституция ҳақида оддий тушунчага ҳам эга бўлмаган даврларда Амир Темур давлатида конституциявий қонунлар мажмуаси – тузук мавжуд эди”.
16:21 / 2021-10-12

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига “Адолат” социал демократик партиясидан кўрсатилган номзод Баҳром Абдуҳалимов қашқадарёлик сайловчилар билан учрашувда буюк соҳибқирон Амир Темур шахсиятига тўхталиб ўтди.

– Бу йилги улкан сиёсий жараёнларнинг муҳим палласида, ҳар қарич тупроғида Сохибқирон Амир Темур бобомизнинг хайрли излари нурланаётган Қашқадарё диёрида Сиз, азиз сайловчилар билан учрашиб турганимиздан бахтиёрман.

Бу ажойиб кошона, “Ёшлар маркази”га тўпланган отахону онахонларга, опа-сингил, ака-укаларимга, келажагимизнинг устунлари бўлган азиз ёш йигит-қизларимизга, барча-барчангизга ўзимнинг ҳурматимни изҳор қиламан.  

Тадбиримизнинг “Ёшлар маркази”да ўтаётгани ҳам бизга кўп масъулият юклайди. Бу ҳашаматли сарой мисолида мамлакатимизда ёшларга кўрсатилаётган ғамхўрликни кўряпмиз. Номзод сифатида ўз маърузамнинг кириш қисмини шу муқаддас бир замин, дунёда ўз билим ва салоҳияти билан чуқур из қолдирган аждодларимизни ёд этишдан бошлаш лозим деб ҳисоблайман.

Ҳа, сафарим давомида сурхондан Қашқадарё томон юрар эканман кўз олдимда шу ўлкада туғилиб, болалик кезларини қир-адирларда от чоптириб ўтказган, Ватан учун, халқ учун хизмат қилишга, ўз юртини босқинчи кучлардан ҳимоя қилиш учун тайёргарлик ишларига бағишлаган Амир Темур бобомизнинг ёрқин сиймоси гавдалана бошлайди. Амир Темур бобомиз ҳаёти ҳақида гапирадиган бўлсак, жуда кўп, жуда узоқ гапиришга тўғри келади. Аммо, унинг ақл-заковати, қудрати, салоҳияти ва адолатпарварлиги ҳозир ҳам одамларни шошириб қўяди.  

Тарихдан биламиз, Амир Темур давлати адолатга ва у орқали инсоннинг эҳтиёжи ва табиий имкониятларига асосланган. Давлат ишларини фақат адолат билан олиб борган. Турли-туман муносабатларда адолатга таянган. Ҳа, буюк аждодимиз ҳар қандай давлатнинг истиқболи яқин-йироқ мамлакатлар билан дўстона алоқаларни йўлга қўйишга боғлиқ эканини теран англаган. Бинобарин, Амир Темур ўзини моҳир дипломат сифатида ҳам намоён қила олган. Жумладан, Шарқни Ғарб билан тинчлик, тижорат, элчилик йўли воситасида бирлаштиришга ҳаракат қилган. Амир Темур Испания қироли Генрих III, Франция ҳукмдори Карл VI, Англия қироли Генрих IV саройларига элчилар юбориб, қатор хорижий элчиларни ҳам ўз салтанатида қабул қилган.

Давлат сиёсатимиз бугун Амир Темур ишларининг давоми, десак муболаға бўлмайди. Зеро, ҳамкорлик муносабатлари бугун ҳам изчил давом этмоқда. Дунё давлатлари билан тобора кенгайиб бораётган алоқаларимиз ҳақида мамнуният билан узоқ гапириш мумкин. Истиқлол йилларида Амир Темур сиймоси миллий давлатчилигимиз тимсолига айланди. Амир Темур феномени билан боғлиқ 4 та қонун, Президентнинг 16 та фармони, 5 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 23 та қарори қабул қилингани фикримиз далилидир.

Машҳур олимлар таъкидлаганидек, “Европа ҳали Конституция ҳақида оддий тушунчага ҳам эга бўлмаган даврларда Амир Темур давлатида конституциявий қонунлар мажмуаси – тузук мавжуд эди”. Дарҳақиқат, давлатни оқилона ва одилона бошқариш санъати баён этилган “Темур тузуклари” ўзининг чуқур мазмун-моҳияти ва долзарблигини йўқотмаган, аксинча, ҳаётий жабҳаларда маънавий мезон бўлмоқда.  

Унинг “Рости – русти”, яъни “Куч – адолатда” деган ҳикматли чақириқлари Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг бош шиорига айланган.