Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Абдушукур Хамзаев Андижон вилояти сайловчилари билан учрашди.
Андижон давлат университетида бўлиб ўтган учрашувда партия фаоллари, депутатлар, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, меҳнат фахрийлари, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Дастлаб Президентликка номзоднинг Андижон вилоятидаги ишончли вакили Х.Мақсумов Абдушукур Хамзаевнинг таржимаи ҳоли ва фаолияти тўғрисида атрофлича маълумот берди.
Шундан сўнг Президентликка номзод Абдушукур Хамзаев сўз олиб, йиғилганларни ўзининг сайловолди дастури билан атрофлича таништирди. Номзоднинг сайловолди дастурида экологик ривожланиш мақсадларига эришиш орқали атроф муҳит, табиатни муҳофаза қилиш, “яшил” иқтисодиётга ўтиш жараёнларини жадаллаштириш, табиий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, аҳолининг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини ҳамда экологик хавфсизлигини таъминлаш борасида бир қатор мақсадли вазифалар қамраб олинган.
Президентликка номзод А.Хамзаев кейинги йилларда Андижон вилоятида ўсиш суратлари ортгани, 2022 йилда ўсиш сурати ялпи ҳудудий маҳсулотда 108,6 фоизни, жумладан, саноатда 122,6 фоиз, истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда 143,1 фоиз, қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигида 103,5 фоизни ташкил этгани, қолган йўналишларда ҳам ижобий натижаларга эришилгани андижонликларнинг ишбилармонлиги, меҳнатсеварлиги самараси эканлигини алоҳида таъкидлади.
[gallery-12567]
Шундан сўнг Марказий Осиё ва бутун дунё учун долзарб аҳамиятга эга Орол фожиаси, ер ва сув ресурслари муаммолари, биологик хилма-хилликнинг қисқариши, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси генофондининг, атмосфера ҳавосининг ёмонлашуви, саноат ва маиший чиқиндиларнинг тўпланиши каби экологик муаммоларга ечим топиш ва аҳолининг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини таъминлашга қаратилган давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича режалаштирилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.
Номзоднинг дастурида экологик қадриятлар устуворликка айланадиган, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, сўз эркинлигини қўллаб-қувватлаш ва ОАВ фаолияти кафолатларини мустаҳкамлаш, одил судловнинг самарадорлигини ошириш борасида ислоҳотларни изчил давом эттириш, “Электрон ҳукумат” тизимини янада кенг жорий этиш орқали давлат хизматларини кўрсатиш самарадорлигини ошириш, адвокатурани мустақил, ишончли ҳуқуқни ҳимоя қилувчи институтга айлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, учрашувда соғлиқни сақлаш, таълим, илм-фан ва маданий-маърифий соҳаларни янада ривожлантиришга доир режалар ҳам айтиб ўтилди.
Учрашувда Абдушукур Хамзаев сайловчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.
Президентликка номзоднинг сайловолди дастури юзасидан фикр-мулоҳаза билдирганлар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайловда номзод Абдушукур Хамзаев номзодини қўллаб-қувватлашини билдириб, фуқароларни Президент сайловида фаол иштирок этишга чақирди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА