Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Абдушукур Худойқулович Ҳамзаев сайловчилар билан учрашди.
Маҳаллий Кенгаш депутатлари, эколог олимлар, маҳалла фаоллари, таълим, тиббиёт соҳаси вакиллари, ёшлар, партия фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод А.Ҳамзаев сайловчиларни ўз сайловолди дастури билан таништирди.


Номзоднинг сайловолди дастурида мамлакатимизда иқтисодиётни ислоҳ қилишга қаратилган бир қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилмоқда. Хусусан, “Яшил виза” дастурини жорий этиш, тармоқлар ва ҳудудларнинг “яшил иқтисодиётга ўтиш индекси”ни ишлаб чиқиш, юк ташишни йирик машиналардан темир йўлларга ўзгартиришга қаратилган чоралар алоҳида эътироф этилди.
Ижтимоий соҳада давлат стоматологик клиникаларини ривожлантириш, шаҳарлар Бош режаларини тузишда камида 30 фоизли яшил майдонлар яратиш талабини мустаҳкамлаш, шаҳарсозлик фаолиятида жамоатчилик назоратини кучайтириш, норматив ҳужжатларни қабул қилишда атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш тизимини жорий этиш каби эътиборга молик ташаббуслар илгари сурилди.

Шунингдек, қонун устуворлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилишга қаратилган таклифларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, экологик қонунчиликни кодификация қилиш орқали Экология, Сув, Ўрмон кодексларини қабул қилиш, “Аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш тўғрисида” ги дастурни қабул қилиш, экологик суғурталаш тизимини ривожлантириш, малакали юридик ёрдам ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, эколог-ҳуқуқшуносларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, маъмурий органлар томонидан жарима қўллашни қисқартириб, судларга кенгроқ ваколат бериш, йўл ҳаракати хавфсизлигини фақат қонун асосида тартибга солишни йўлга қўйиш ва бошқалар.

Давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги таклифлар ҳам алоҳида эътироф этилди. Жумладан, давлат экологик сиёсатининг устувор йўналишларини белгилашга қаратилган “Барқарор экологик ривожланиш Стратегияси” ни қабул қилиш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш истиқболларини белгилашга қаратилган “Яшил энергетика Стратегияси” ни қабул қилиш, сувдан самарали фойдаланиш ва унинг маҳсулдорлигини оширишга қаратилган миллий дастурни ишлаб чиқиш, қатор халқаро ҳужжатларга аъзо бўлиш каби таклифлар илгари сурилди.
Учрашувда Президентликка номзод Абдушукур Ҳамзаевнинг сайловолди дастуридан ҳаётий муҳим масалалар ўрин олгани, халқимиз, жамиятимиз, давлатимиз фаровонлиги билан боғлиқ ташаббуслар илгари сурилаётгани, ушбу ташаббуслар бугунги кундаги долзарб муаммолар ечимига йўналтирилгани таъкидланди. Шунингдек, сайловчилар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жамиятда экологик маданиятни юксалтириш билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар.
Шуҳрат Суяров, ЎзА