Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президентлик сайлови харажатлар сметаси, округ сайлов комиссиялари таркиби тасдиқланди
14:52 / 2023-05-19

Бугун, 2023 йил 19 май куни Марказий сайлов комиссиясининг муддатидан илгари ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига бағишланган навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари иштирок этди.

Мажлисда округ сайлов комиссиялари тузиш, сайлов ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг малакасини ошириш, Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот маркази фаолиятини ташкил этиш, Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 25 октябрдаги 969-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишни молиялаштириш ҳамда маблағлардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, муддатидан илгари бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар сметасини тасдиқлашга доир масалалар кўриб чиқилди.      

Округ сайлов комиссияларини тузиш масаласи бўйича МСК раиси ўринбосари Б.Қўчқоров маъруза қилди:      

— Сайлов кодексига мувофиқ, муддатидан илгари бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг таркиби халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар сессияларида муҳокама қилиниб, Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилди. Округ комиссиялари аъзолари 15 нафардан 21 нафаргача бўлиши мумкин. Шундан келиб чиқиб, 14 та округ комиссиялари аъзолигига жами 266 нафар номзод тавсия этилди.      

Йиғилишда Марказий сайлов комиссияси аъзолари округ комиссиялари аъзолигига тавсия этилган номзодлар хусусида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Кун тартибидаги масала юзасидан қарор қабул қилинди.      

Шунингдек, йиғилишда сайлов ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг малакасини ошириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Таъкидланганидек, округ ва участка сайлов комиссиялари аъзоларини ўқитиш тизимини такомиллаштириш, сайловчилар ҳамда сайлов жараёни бошқа иштирокчиларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш Марказий сайлов комиссиясининг муҳим вазифалари сирасига киради. Шу боис мажлисда муддатидан илгари бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи комиссиялар аъзоларининг малакасини оширишни ташкил этиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида тегишли қарор қабул қилинди.      

Мазкур концепцияга мувофиқ, Марказий сайлов комиссияси томонидан мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда сайлов комиссиялари аъзоларининг сайлов қонунчилиги ва овоз беришда замонавий ахборот технологияларини қўллаш бўйича назарий билимлари ҳамда амалий кўникмаларини оширишга қаратилган каскад усулида ўқув-амалий машғулотларини ташкил этиш кўзда тутилган.      

Шунингдек, мажлисда Марказий сайлов комиссиясининг Матбуот марказини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилиб, қарор қабул қилинди.      

— Матбуот маркази округ сайлов комиссиялари ҳузурида ҳудудий филиалларига эга бўлади ҳамда ўз фаолиятини қонунийлик, очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик тамойиллари асосида амалга оширади, — деди МСК аъзоси Ш.Қудратхўжаев. — Муддатидан илгари бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ барча жараёнларни ёритишда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан яқиндан ҳамкорлик олиб боради.      

Бундан ташқари, мажлисда муддатидан илгари бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва унинг ўтказишга доир харажатлар сметаси ҳам тасдиқланди.      

Қайд этилганидек, мазкур сметани тасдиқлашда бюджет маблағларининг иқтисод қилинишига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, 2019 йилда вакиллик органлари сайловида давлат бюджетидан ажратилган умумий маблағларнинг 19,8 фоизи, 2021 йилдаги президентлик сайловида 26 фоизи ва жорий йилда бўлиб ўтган референдумда 13,5 фоиз бюджет маблағлари иқтисод қилинган.      

Марказий сайлов комиссияси Сайлов кодекси талабларига риоя қилган ҳолда муддатидан илгари бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар сметасини 174 миллиард 130  миллион сўм миқдорида  ишлаб чиқди.         

[gallery-11955]

Қайд этиш керакки, мазкур маблағ аввалги президентлик сайлови учун ажратилган маблағдан 41 фоизга камдир. Харажатлар сметасига кўра, маблағларнинг деярли 82 фоизи округ ва участка сайлов комиссияларининг фаолиятини ташкил этиш учун ажратилмоқда. Ушбу маблағларнинг 76 фоизи округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолари меҳнати учун тўлаб бериладиган компенсация тўловлари учун сарфланиши режалаштирилган.     

Муҳтарама Комилова,

Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА