Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президентлик даврида Трампнинг бойлиги кўпайган
19:27 / 2026-01-24

Оқ уйга қайтгач, бир йил ичида АҚШ Президенти Дональд Трампнинг соф бойлиги 6,6 миллиард долларга етди, дея таъкидламоқда “РИА Новости”.

Дарвоқе, унинг отаси Фред Трамп ҳам  миллионер бўлиб, бойлигини Нью-Йоркда кўчмас мулк бизнесидан орттирган.

Дональд эса ўз лойиҳалари орқали миллиардерга айланди. Илк бор 1988 йил “Forbes” журнали рўйхатида пайдо бўлганда, ҳали унинг мавқеи ноаниқ эди, чунки матбуот ҳақиқий активи миллиард долларга етганига шубҳа билан қараган. Бу гумон 2024 йил судда исботланган ва ўшанда Трамп оиласи билан қулайроқ кредит олиш учун қийматни ошириб кўрсатгани боис қарийб ярим миллиард доллар жаримага тортилган.

1990 йилга келиб, бизнесидаги муаммолар ҳамда бир неча лойиҳаси муваффақиятсизликка учраши ортидан Дональд “Forbes” рўйхатидан чиқарилди ва фақат 1997 йилга келибгина, 1,4 миллиард доллар билан миллиардерлар сафига қайтди. Шундан кейин унинг соф бойлиги барқарор равишда ўсиб, президент лавозимига киришгунга қадар 4,5 миллиард долларга етди.

Биринчи муддатдаги нотинчлик, кўплаб суд жараёни ҳамда 2020 йил сайловидаги мағлубият ва тарафдорлари Капитолийга бостириб кириши унинг бизнеси ва обрўсига жиддий зарар етказди. Натижада муддати тугашига келиб, Трампнинг бойлиги 2 миллиард доллар камайиб кетди.

2024 йил сайловдаги ғалабадан сўнг бутун дунё бўйлаб қурилиш лойиҳалари ва меҳмонхоналарда фойдаланиш учун “Trump” бренди остида лицензиялаш ҳуқуқига талаб ошди ва табиийки, унинг даромади ортди. Сўнгра шахсий бренд остида Ўмон, БАА, Саудия Арабистони каби қатор мамлакатларда лойиҳалар ишга туширилиши режаси эълон қилинди. Унинг маҳсулотларига талаб кучайди: масалан, кепка, соат (2025 йил декларациясига кўра, савдо даромади 2,8 миллион доллар), атир ва “олтин” кроссовка (2,5 миллион доллар фойда) ва ҳатто Инжил нашри (3 миллион доллар йиғим) ҳам Оқ уй раҳбарининг бойлигига бойлик қўшган.

С.Раҳимов, ЎзА