СПEКА тафсилоти
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев таклифига биноан 23-24 ноябрь кунлари Боку шаҳрида бўлди.
Шу йилнинг ўзида учинчи марта ушбу мамлакатга борган давлатимиз раҳбари бу гал Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий Осиё иқтисодиётлари учун махсус дастури – СПEКА биринчи саммити тадбирларида иштирок этди.
Анъанага кўра давлат раҳбарларининг икки томонлама музокаралари ҳам бўлиб ўтди. Ўзбекистон ва Озарбайжон етакчилари ўзаро нималарни гаплашди?
Илҳом Алиев Президентимизга СПEКА саммитида шахсан иштирок этаётгани учун миннатдорлик билдирди. Шавкат Мирзиёев ҳам ўз навбатида, анжуманда муваффақиятли раислик қилаётган Озарбайжон раҳбарини табриклади.
Йил давомида тез-тез кўришаётганидан мамнунлигини маълум қилар экан, икки етакчи ҳар бир учрашув мамлакатларимиз ва халқларимиз ҳамкорлиги, бирдамлиги йўлида фойдали бўлаётганини таъкидлаган.
"Музокара давомида таклифлар билдирилганми, қандай келишувларга эришилди?" каби саволлар туғилиши мумкин. Шавкат Мирзиёев 2024 йилни Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги кўп қиррали муносабатни жадал ривожлантириш йили, деб эълон қилиш, ахборот маконида тажриба алмашиш ва ҳамкорлик учун икки мамлакат Президент Администрацияларининг тегишли хизматлари мулоқотини йўлга қўйишни, шунингдек, Илҳом Алиевни 2025 йил Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” саммитида бош фахрий меҳмон сифатида қатнашишга таклиф этди.
Илҳом Алиев 2025 йил бўлиб ўтадиган саммитга таклиф қилинди, лекин ҳали олдимизда 2024 йил ҳам бор. Ҳа, давлатимиз раҳбари Озарбайжон Президентини келаётган йил ҳам мамлакатимизда кўришни истайди.
СПEКА саммити. Давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Марказий Осиё иқтисодиётлари учун махсус дастури биринчи саммитида иштирок этиб, нутқ сўзлади, минтақамиз ривожи учун, иқтисодий, сиёсий барқарорликни кўзлаб, таклиф ва ташаббуслар билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев саммитда ўзбек тилида чиқиш қилди. Давлат раҳбари минтақанинг иқтисодий тараққиётига, яхши ҳамкорликка хизмат қиладиган бир неча таклифни илгари сурди. Етти босқичда фикрини баён этган етакчимиз сўзи аввалида 25 йил олдин Тошкент декларацияси билан таъсис этилган дастур ҳамда БМТ Бош Ассамблеясининг ушбу қутлуғ санага бағишланган резолюцияси қабул қилингани билан қутлади.
Президентимиз мазкур муҳим платформа Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда минтақавий шерикликнинг амалий механизми сифатида зарурлигини қайд этиб, дастур доирасида тижорат, коммуникация, транспорт ва логистика соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган 400 дан зиёд лойиҳа ҳаётга татбиқ этилганини таъкидлади.
“Ўзбекистон-2030" стратегияси орқали узоқни кўзлаб, муҳим ишлар амалга оширишга эътибор қаратаётган Шавкат Мирзиёев “СПEКА-2030" тараққиёт концепциясини ишлаб чиқиш таклифини киритди. СПEКАнинг Мақсадли жамғармасини келгуси йил ташкил этиб, амалий ишни йўлга қўйиш муҳимлиги ҳам айтилди.
– Жамғарма халқаро тараққиёт институтлари билан фаол ишлаши, устувор лойиҳа ва дастурларга молиявий ресурслар, грант маблағларини энг мақбул шартда жалб этиши лозим, – деди Шавкат Мирзиёев. – Ўзбекистон фондни шакллантириш учун молиявий ҳисса қўшишга тайёр.
Хўш, келгуси йил Ўзбекистонда қандай тадбирларни ўтказиш ташаббуси илгари сурилди? Президент 2024 йил юртимизда “Рақамли транспорт йўналишлари” халқаро форумини ўтказиш, озиқ-овқат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича махсус ишчи гуруҳ тузиш ва илк учрашувни Самарқандда ташкил этишни таклиф қилди.
Шавкат Мирзиёев хотин-қизларнинг ташаббуслари ва аниқ режаларини рағбатлантириш мақсадида СПEКА тадбиркор аёллар кенгашини тузиш ҳақида гапирди.
Нутқи якунида давлатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг дипломатик ғалабасини эслади. Парижда қабул қилинган ЮНEСКО Бош Ассамблеяси сессиясини илк бор Марказий Осиёда – Самарқандда ўтказиш бўйича тарихий қарорни қўллаб-қувватлагани учун барча иштирокчиларга раҳмат айтди.
Навбатдаги саммит ўтди-да, деган хулоса Ўзбекистон томони учун хос эмас. Зеро, дастур Тошкентда ташкил этилди. СПEКА дастури – аъзо мамлакатларнинг иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантириш, жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувига кўмаклашиш мақсадида 1998 йил 26 март куни Тошкент декларациясига мувофиқ таъсис этилган. Иштирокчи давлатлар – Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Афғонистон. Дарвоқе, йиғилишда “Толибон” ҳукумати иштирок этмаётгани, умуман, афғонлар масаласи Президентлар нутқида акс этди.
Венгрия Бош вазири Виктор Орбан, Грузия Бош вазири Ираклий Гарибашвили, Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши бош котиби Жасим Ал-Будаивий саммитда фахрий меҳмон мақомини олди.
Тузилмага раислик қилаётган Озарбайжон 1998 йил ишга тушган дастурга 2002 йилда қўшилган ва ҳозир энг фаол аъзолардан бири. Бу галги тадбир кун тартибидан минтақавий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун мақсадли фонд ташкил этиш, транспорт йўлакларини рақамлаштириш учун “Йўл харитаси” қабул қилиш, ишбилармонлик ташаббусларини илгари суриш каби масалалар ўрин олди.
Табиийки, илк маърузачи – раис Илҳом Алиев 25 йил давомида мамлакатлар ўртасидаги алоқа муваффақиятли ривожланиб бораётганини қайд этиб, илк бор ўтказилаётган давлат раҳбарлари саммити ҳамкорликни сифат жиҳатдан янада яхшилашига ишонч билдирди.
Озарбайжон етакчиси мамлакатларни бирлаштирувчи асосий омилга тўхталди, бу – сиёсий барқарорлик. Президент айтишича, барқарорлик бўлмаса, иқтисодий ривожланиш ҳақида ҳеч қандай гап бўлиши мумкин эмас.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/gQ99iRYMOBw" title="Президентлар бу галги саммитда қайси масалаларни кўтарди?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
– Бугун дунёнинг турли минтақаларида уруш, тўқнашувлар авж олмоқда. Мамлакатларимизда тинчлик, барқарорлик ва осойишталик ҳукм сурмоқда, тараққиёт ва қурилиш жараёни муваффақиятли давом этмоқда. Бу давлатларимиз ва халқларимиз ютуғи, – деди Илҳом Алиев.
Озарбайжон мақсадли жамғармага 3,5 миллион доллар ажратишини маълум қилар экан, давлат раҳбари сўнгги 20 йил ичида мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 4 баробар ошганини эслатди.
Илҳом Алиевнинг ўн дақиқалик маърузаси Фузулий шаҳрида Ўзбекистон томонидан барпо этилган 960 ўринли Мирзо Улуғбек номидаги мактаб очилиши, Қозоғистон томонидан Қурманғози номли ижодий марказ қад ростлаётгани хусусидаги фикр билан якунланди.
Ўтган йил дастурга раислик қилган Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, даставвал, Ҳайдар Алиев марказида ўтаётган учрашувни рамзий маънога эга экани ва махсус дастурнинг 25 йиллиги нишонланаётган йилга тўғри келгани билан боғлади.
Асосан СПEКА мақсади, вазифалари хусусида фикр юритган етакчиси геосиёсий тарқоқлик ва тез ўзгараётган глобал иқтисодий муҳитда дастурнинг аҳамияти ортиб бораётганини айтди.
– Тузилма мақсадларига эришишга Олмаотада БМТнинг Марказий Осиё ва Афғонистон учун Барқарор ривожланиш минтақавий маркази ташкил этиш ташаббуси ёрдам беради, – деди Тоқаев.
“Иқлим ўзгариши ва оғир геосиёсий вазият туфайли коронавирус пандемиясидан кейинги инқироздан эндигина чиқа бошлаган жаҳон иқтисодиёти бугунги кунда янги муаммолар, хавф-хатарларга дуч келмоқда”, – бу фикр қозоғистонлик ҳамкасбидан сўнг сўз олган Қирғиз Президенти Садир Жапаровга тегишли.
Халқаро транспорт йўлакларини диверсификация қилиш зарурати Қирғиз Республикаси учун долзарб эканини қайд этган Садир Жапаров Хитой – Қирғиз – Ўзбекистон темир йўлини қуриш бўйича стратегик лойиҳани катта мамнуният билан эътироф этди.
Саммит ишида Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ҳам иштирок этди ва нутқ сўзлади. Давлат раҳбари аввал Илҳом Алиевга анжуман юқори савияда ташкил этилгани учун миннатдорлик билдирди ҳамда қардош Озарбайжонни СПEКАдаги муваффақиятли раислиги билан қутлади.
2024 йил Тожикистон СПEКАга раисликни қабул қилади. Эмомали Раҳмоннинг таъкидланишича, мамлакат раисликнинг концепцияси, амалга ошириш режасига алоҳида эътибор қаратади. Тожикистон 2023-2037 йиллар учун “Яшил иқтисодиётни ривожлантириш стратегияси” доирасида яшил энергия қувватини 10 минг мегаваттгача ошириш ниятини айлана стол атрофида ўтирган Президентларга очиқ айтди.
Нутқи давомида Эмомали Раҳмон дастурнинг иқтисодий тараққиёти, минтақавий интеграцияси, глобал иқлим ўзгаришининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирининг олдини олишга қаратилган қатор таклифлар берди.
Йиғилишда Грузия Бош вазири Ираклий Гарибашвили, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси ўринбосари Хожамират Гелдимирадов, БМТ Европа иқтисодий комиссияси ижрочи котиби Татяна Молчан ҳамда Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссия (ЭСКАП) ижрочи котиби Армида Алисжабана ҳам чиқиш қилди, минтақа фаолиятига оид таклифларини айтди.
Саммит якунида давлат раҳбарлари ҳужжатлар қабул қилди, “Боку декларацияси” кучга кирди.
Беҳруз Худойбердиев, Аслиддин Алижонов (видео), ЎзА