Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президентимизнинг тавсияси билан беш нафар ёшлар олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинди
21:54 / 2023-07-28

Куни кеча Президентимиз ташриф буюрган Фарғона вилояти Бағдод туманидаги Хитой маҳалласида бугун катта шодиёна. Чунки бу ердаги 5 нафар ёшларнинг орзуси ушаладиган бўлди. Давлатой Қўрчиева Қўқон давлат педагогика институти, Ойгул Саминжонова Тошкент давлат молия институти, Омадбек Турғунбоев Тошкент давлат стоматология институтининг бакалавриат йўналишига, Ҳожиаҳрор Ғиёсиддинов Фарғона давлат университети, Дилёрахон Турғунбоева Тошкент давлат педагогика университетининг магистратура босқичига ўқишга қабул қилинди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов ва олий таълим муассасалари ректорлари мазкур маҳаллада бўлиб, давлатимиз раҳбарининг тавсияси асосида ёшларга давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинганлиги ҳақидаги сертификатларни топширди. Президентимизнинг бундай эътибори бутун маҳалла аҳлини, ота-оналарни беҳад мамнун этди.

Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари мазкур маҳаллада бўлиб аҳоли вакиллари билан учрашди, уларнинг турмуш шароити билан яқиндан танишди. Шу ерда яшовчи Абдуғаффор Халилов хонадонида маҳалла фаоллари, нуронийлар билан бўлиб ўтган самимий суҳбат эса хитойликлар ёдида қоладиган бўлди.  

– Президентимиз билан мулоқотимиз жуда самимий руҳда бўлиб ўтди. Маҳалламизда 2 минг 878 нафар аҳоли истиқомат қилади. Одамларимиз азалдан деҳқончилик ва ҳунармандчиликнинг ҳадисини олган, – дейди “Хитой” маҳалла фуқаролар йиғини  раиси Соҳибжон Акбаров. – Бир сўз билан айтганда, бизда бекор юрган одамни топиш қийин. Шунинг учун бўлса керак, сўнгги икки-икки ярим йилда ҳудудимизда бирорта ҳам жиноят содир этилмади. Маҳаллада мебелсозлик, томорқачилик, тикувчилик, чорвачилик, паррандачилик ва балиқчиликда ўзига хос тажриба тўпланган.  

[gallery-12946]

Сўнгги йилларда маҳалла аҳли бир ёқадан бош чиқариб, бир қанча ташаббусларни илгари сурди. Натижада қишлоқ янада кўркамлашиб, обод масканга айланди. Жумладан, “Очиқ бюджет” лойиҳаси орқали беш километр масофадаги ички йўлларга асфальт ётқизилди, электр тармоқлари ва трансформатор янгиланди. Албатта, бу ишларни амалга оширишда маҳалла “бешлиги”нинг фаоллиги қўл келди.

– Давлатимиз раҳбарининг маҳалла идораси ва қишлоқ мактабига қўшимча бино қуришга топшириқ бергани айниқса барчамизни жуда хурсанд қилди, – дейди узоқ йиллар қишлоқ кенгашида раҳбарлик лавозимларида ишлаган меҳнат фахрийси Абдуғаффор Халилов. – Чунки маҳалла обод бўлса, ёшлар муносиб ўқиш ва иш шароитига эга бўлса, юртда фаровонлик, тараққиёт бўлади. Бугун мамлакатимизда жуда катта ўзгаришлар бўй кўрсатяпти. Ёшларимиз ҳам интилувчан, билимга чанқоқ. Биз, нуронийлар, юртимизда доимо тинчлик ҳукмрон бўлишини, фаровонлик ва ривожланиш бўлишини тилаб дуо қилишдан чарчамаймиз. Давлатимиз раҳбарига мустаҳкам соғлик тилаймиз.

Абдуғаффор аканинг қизи Давлатхон Қўрчиева шу куни ота-онасидан хабар олиш учун қизлик уйига келганди. Кутилмаган учрашувдан кўнгли тоғдек ўсди.

– Қўшни қишлоққа турмушга чиққанман, икки фарзандимиз бор. Президентимиз билан юзма-юз келаман деб ҳечам ўйламагандим. Жуда самимий инсон экан, қишлоғимиз одамлари билан дилдан суҳбат қурдилар, – дейди Давлатхон. – Суҳбат чоғида ўрта махсус маълумотли эканим, олий таълимда ўқиш истагим борлигини билдирдим. Ҳамиша ёшларга эътиборли Юртбошимиз бу орзуим ушалишига яқиндан кўмаклашишини билдирди. Бугун мендан бахтиёр одам йўқ. Қўқон давлат педагогика институтининг бошланғич таълим йўналишининг сиртқи таълими талабаси бўлдим. Бор кучим ва билимимни ёш авлод таълим-тарбиясига бағишлайман.

М.Сулаймонов, ЎзА