Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий Осиё - Россия” саммитидаги нутқи ҳақида Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Сайёра Абдукаримова муносабат билдирди:
– Мазкур саммит минтақавий ҳамкорликнинг янги босқичини белгилаб берди. Давлатимиз раҳбари жуда аниқ ва амалий таклифларни илгари сурди, айниқса, иқтисодий ва энергетик йўналишлардаги ташаббуслар стратегик аҳамиятга эга.
Президентимиз таъкидлаганидек, бугун дунё бозорларидаги ноаниқлик ва ташқи таъсирлар шароитида ҳам Ўзбекистон, Россия ва минтақадаги давлатлар ўзаро товар айланмасини 15 фоизга оширишга эришди. Бу жуда муҳим кўрсаткич. Чунки бу рақам ортида минглаб иш ўринлари, янгидан очилаётган корхоналар ва халқимиз фаровонлиги ётади.

Шавкат Мирзиёевнинг маҳсулот айирбошлаш ҳажмини ошириш, яъни ўзаро бозорларга киришни енгиллаштириш ва жараёнларни соддалаштириш ҳақидаги таклифи – минтақа иқтисодиётининг барқарор ўсиши учун муҳим механизм бўлади. Бу орқали тадбиркорларимиз товар ва хизматларини эркин ва тезкор экспорт қилиш имконига эга бўлади.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, “Марказий Осиё - Россия агроэкспресс” лойиҳаси – қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тез ва самарали етказиб беришни таъминлайдиган замонавий транспорт занжири ҳисобланади. Бу нафақат савдони ривожлантиради, балки озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ҳам катта аҳамиятга эга.
Президентимиз нутқидаги яна бир муҳим йўналиш – энергетика соҳаси бўлди. Давлат раҳбари таъкидлаганидек, Россия билан энергетикадаги ҳамкорлик минтақа тинчлиги ва барқарорлиги учун асосий омил бўлади.
Айниқса, яқин кунларда старт оладиган атом электр станцияси қурилиши ва ядро тиббиёти маркази лойиҳаси – бу тарихий қадам. Ушбу лойиҳалар нафақат энергетик қувватларни оширади, балки юқори технология ва илм соҳасидаги ҳамкорликни ҳам кучайтиради.
Президентимиз таклиф этган Атом энергетикаси бўйича Минтақавий компетенциялар маркази – бу келажак учун инвестиция. Бу ерда нафақат мутахассислар тайёрланади, балки илмий-тадқиқот ва инновация соҳаларида ҳамкорлик йўлга қўйилади. Шунингдек, Москва давлат муҳандислик-физика институтининг Тошкент филиали базасида кадрлар тайёрлаш дастурини жорий этиш – узоқ муддатли ҳамкорликни мустаҳкамлайдиган амалий қадам.
Бугунги кунда дунёдаги энг муҳим йўналишлардан бири — энергияни тежаш ва қайта тикланувчи манбаларни ривожлантириш. Президентимиз илгари сурган “Марказий Осиё ва Россия энергетик шериклиги” комплекс дастури ана шу мақсадга хизмат қилади. Бу дастур илғор билим ва технологиялар трансфери, қўшма лойиҳалар ва энергия тежайдиган ечимларни жорий этишни кўзда тутади.
Шу орқали минтақамизда энергетика тизими модернизация қилинади, янги ишлаб чиқариш қувватлари яратилади ва аҳоли учун барқарор электр таъминоти кафолатланади.
Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг саммитдаги нутқи – фақат сиёсий баёнот эмас, балки амалий ҳамкорлик стратегияси. Ушбу ташаббуслар нафақат иқтисодий ўсиш, балки илм, технология ва барқарор тараққиётнинг янги босқичига йўл очади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА