Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президентимизнинг Наманган вилоятига ташрифининг биринчи кунидан фоторепортаж
16:19 / 2021-02-19

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев айни пайтда Наманган вилоятида бўлиб турибди.

Ташрифнинг биринчи куни ишчи кайфиятида ўтди.

[gallery-1212]

Давлатимиз раҳбари кеча Чуст туманидаги “Chust textile” хусусий корхонасини бориб кўрди.

“Chust textile” корхонаси “Наманган” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида ташкил этилган. Фабриканинг иккита комплексида бугунги кунда 1 минг 300 киши меҳнат қилмоқда.

Корхона буюртмага қараб, барча турдаги устки ва ички кийимларни ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Ўтган 2020 йилда бу ерда қарийб 2 минг тонна мато ҳамда 5 миллион 200 минг дона тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, Италия, Россия, Қозоғистон ва Тожикистон каби давлатларга 9 миллион доллардан зиёд экспорт қилинди. Жорий йилда экспортни 12 миллион долларга етказиш режалаштирилган.

“Chust textile” лойиҳасининг умумий қиймати қарийб 12 миллион доллар бўлиб, уч босқичга мўлжалланган. Тўлиқ қувватда йилига 5 минг тонна мато, 15 миллион дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш мумкин бўлади. Ишчилар сонини 2200 га етказиш режалаштирилган.

Шу ерда Наманган вилоятида амалга ошириладиган йирик инвестиция лойиҳалари тақдимот қилинди.

[gallery-1213]

Кейинги манзил Наманган шаҳридаги “Даштбоғ” кичик саноат зонаси бўлди.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида саноат салоҳиятини янада ошириш учун туман ва шаҳарларда технопарк, кичик саноат зоналари, ҳудудий кластер ва логистика марказлари ташкил этилишини айтган эди.

Хусусан, Наманган вилоятида 72 та кичик саноат зонаси учун жой ажратилган. Бугунги кунда шундан 34 таси қурилиб, фойдаланишга топширилган.

Даштбоғдаги мажмуа яқинда ташкил этилганига қарамай, корхоналар бирин-кетин ишга туша бошлади. Масалан, “Dream liner tekstil” масъулияти чекланган жамиятида махсус кийимлар ва эркаклар кўйлаги тикиш йўлга қўйилди. Бу ерда 120 нафар маҳаллий аҳоли ишламоқда.

Бу ерда яна тўртта корхона фаолият юритмоқда. “Navro‘z tekstil sanoat” корхонасида болалар ва эркаклар кийими, “Aziz Dizayn Servis” ширкатида сумка, рюкзак ва чамадон, “Biaz text”да сендвич панеллар ишлаб чиқарилмоқда. “Келажак мега строй” масъулияти чекланган жамияти томонидан ўқув маркази очилган. Мазкур корхоналарда 300 га яқин иш ўрни яратилган.

 “Даштбоғ” кичик саноат зонаси майдони қарийб 4 гектар. Яна кўплаб корхоналарда қурилиш, ускуналар ўрнатиш давом этмоқда. Саноат зонасида умумий қиймати 119 миллиард сўмлик 22 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. 3 мингдан ортиқ иш ўрни яратиб, 2,7 миллион долларлик экспорт қилиш мўлжалланган.

Шу ерда Наманган вилоятида йўл, транспорт, қурилиш ва коммунал инфратузилмани ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари Ахсикент ёдгорлигини очиқ осмон остидаги музейга айлантириш лойиҳасига алоҳида эътибор қаратди.

[gallery-1214]

Президент Даштбоғ кичик саноат зонасидаги корхоналарни кўрганидан кейин, маҳалладаги шароитларни кўздан кечирди. Исмоил Киргизов ва Малика Парпиева хонадонида бўлиб, улар билан суҳбатлашди. Гурунгга қўни-қўшнилар ҳам келди.

Нуронийлар маҳалла тизимига эътибор натижасини ўз ҳаётлари мисолида сўзлаб берди. Ижтимоий муаммолар ҳал бўлиб, турмуш шароитлари яхшиланаётганини айтди.

Даштбоғ маҳалласи идораси, Давлат хизматлари маркази филиали кўздан кечирилди.

 

ЎзА фотомухбирлари

Аъло АБДУЛЛАЕВ,

Темур МАМАДАМИНОВ олган суратлар.