Ўзбекистон Республикаси ва Кувайт Давлати ўртасидаги муносабат мустаҳкам дипломатик, иқтисодий ва маданий алоқалар асосида ривожланмоқда. Ҳар икки мамлакат ўз минтақаларида муҳим геосиёсий ва иқтисодий ўрин тутиб, ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга интилмоқда. Умумий тарихий-маданий алоқалар ва маънавий-диний яқинлик ўзаро манфаатли муносабат ривож топишида муҳим асос бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистон Кувайтга Яқин Шарқ минтақасида изчил ривожланаётган муҳим давлат ва истиқболли шерик сифатида қарайди.
Давлатларимиз БМТ дастурлари бўйича минтақавий хавфсизлик, барқарор ривожланиш, экология масалаларида бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. ИҲТ доирасидаги шериклик ҳам жадал тус олган.
Ўзаро муносабатлар тизимида парламентлараро мулоқот алоҳида аҳамият касб этади. 2017 йил Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузурида “Ўзбекистон-Кувайт” парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи тузилган. Кувайт Миллий Ассамблеяси таркибида “Кувайт-Ўзбекистон” парламент дўстлик гуруҳи ишламоқда.
Савдо-иқтисодий алоқалар ҳамкорликнинг устувор жиҳати ҳисобланади. Айниқса сўнгги йилларда Кувайт Ўзбекистонга сармоя киритиш, инфратузилма лойиҳаларида иштирок этишга жиддий қизиқиш билдирмоқда.
Ўзбекистон бу юртга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, тўқимачилик ва ҳунармандлик буюмлари экспорт қилади. Кувайт эса республикамизга нефть-кимё маҳсулотлари, фармацевтика ва саноат товарлари етказиб беради.
Маданий ҳамкорлик доирасида Кувайт Ислом жамғармаси диёримиздаги таълим лойиҳаларини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Бундан ташқари ушбу араб давлати маданият ва санъат соҳаси вакиллари ўлкамизда ўтказиладиган халқаро фестиваллар ва конференцияларда мунтазам иштирок этиб келади.
Кувайт ҳукумати ўзбекистонлик талабалар учун грант ва стипендиялар ажратмоқда. Бизнинг университетлар ҳам кувайтлик ёшларни қабул қилмоқда.
Шавкат Мирзиёевнинг Кувайтга илк расмий ташрифи мамлакатларимиз муносабатлари тарихида янги саҳифа очди. Президент Шавкат Мирзиёев ва Кувайт Давлати Амири Шайх Мишъал ас-Сабоҳ ўзаро ишонч билан дўстона муҳитда кенг кўламли ҳамкорликнинг барча қирралари ва долзарб халқаро муаммолар бўйича фикр алмашдилар. Музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, энергетика, хавфсизлик, мудофаа, минтақавий боғлиқлик, маданият ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ташриф доирасида эришилган келишувлар изчил ҳаётга татбиқ этилиши мавжуд шерикликни янада кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратди.
Шербек Ёдгоров,
Тошкент давлат шарқшунослик университети ўқитувчиси