Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президентимизнинг Исломободга ташрифи Покистон ОАВ нигоҳида
17:46 / 2026-02-06

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистон Ислом Республикасига амалга оширган давлат ташрифи Покистон оммавий ахборот воситалари диққат марказида бўлди.

Хусусан, ахборот ҳамкоримиз – “Associated Press Of Pakistan” – APP давлатимиз раҳбарининг Покистонга ташрифи доирасида Исломободдаги кўчалардан бирига Тошкент ва янгидан барпо этиладиган боққа Заҳириддин Муҳаммад Бобур номини бериш маросими бўлиб ўтганини кенг ёритди.

Таъкидланишича, Исломободнинг F-10 секторидаги йўлга “Тошкент кўчаси” номи берилган, шунингдек, F-7 секторида “Бобур боғи” қурилиши режалаштирилган.

Мақолада ушбу икки муҳим янгилик халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва меҳр-оқибат риштасини янада мустаҳкамлашга ўзаро интилиш қатъийлигининг яққол рамзига айланиши алоҳида тилга олинган.

“Pakistan Today” нашри ёзишича, федерал савдо вазири Жам Камол Хон Исломободда Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов билан учрашиб, сўнгги икки йилда мамлакатларимиз иқтисодий алоқалари жадаллашгани, эндиликда асосий вазифа мавжуд имкониятни амалий натижага айлантиришдан иборатлигини таъкидлаган.

Қайд этилишича, охирги икки йилда тахминан 10 фоиз ўсган ўзаро савдо ҳажмини томонлар истиқболда 2 миллиард долларга етказиш мақсадини қўйган.

Музокараларда имтиёзли савдо доирасида маҳсулотлар рўйхатини кенгайтириш, саноат кооперацияси, тоғ-кон соҳаси, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва фармацевтика йўналишларида ҳамкорликни чуқурлаштириш, шунингдек транспорт-логистика алоқаларини диверсификация қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинган.

“Centreline” журналининг юртимизга бағишланган сони бош муҳаррир қаламига мансуб Ўзбекистон – Покистон муносабатларига бағишланган мақола билан бошланган. Нашр саҳифаларида давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномаси тўлиқ эълон қилинган. Шунингдек, диёримизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, маҳалла институтини такомиллаштириш, туризм маҳаллалари ташкил этиш, соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, ўзбек миллий таомларини тарғиб қилиш каби мавзулар ўрин олган.

“Daily Times” нашри Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажмини келгуси беш йилда 2 миллиард долларга етказиш назарда тутилган протокол имзолаганини ёзиб чиқди.

Мақолада баён этилганидек, томонлар имзолаган 28 келишув ва англашув меморандуми мудофаа, қишлоқ хўжалиги, экология ва иқлим ўзгариши, табиий офатлар хавфини камайтириш, кончилик, гиёҳвандликка қарши кураш каби соҳаларни қамраб олган.

Эътиборлиси, Бош вазир Шаҳбоз Шариф икки дўст ўлкани тарихий ва маданий алоқалар бирлаштириб туришини қайд этиб, Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон темир йўл лойиҳаси минтақавий ҳамкорлик учун муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаган.

Умуман, Ўзбекистон етакчисининг навбатдаги давлат ташрифи Покистон ОАВ томонидан икки томонлама муносабатларнинг янги босқичини бошлаб берган муҳим сиёсий воқеа сифатида баҳоланди. Шунингдек, бошқа қатор хорижий нашрлар ҳам ташриф доирасида эришилган келишувлар, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш режалари ҳамда минтақавий боғлиқликка қаратилган ташаббуслар икки мамлакат стратегик шериклигини мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этган.

Ўткир Алимов, ЎзА