Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президентимиз ташрифи Ўзбекистон-Франция муносабатларида мутлақо янги даврни бошлаб берди
15:58 / 2025-03-17

Муносабат

Сўнгги кунларда жаҳон ҳамжамияти ва юртдошларимизнинг диққат-эътибори Франция марказига қаратилди десак, адашмаган бўламиз. Сабаби, 11-13 март кунлари Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг таклифига биноан Президентимиз Шавкат Мирзиёев Европанинг ривожланган давлатларидан бири бўлмиш Францияда давлат ташрифи билан бўлдилар.

Мазкур тарихий давлат ташрифи давомида Президентимиз Франциянинг энг олий мукофоти — Фахрий легион ордени билан тақдирлангани биз, “Адолат”чиларни ҳам барча юртдошларимиз қатори жуда хурсанд қилди. Чунки Франциянинг бу юксак мукофоти жаҳоннинг энг машҳур ва тараққий топган давлатлари раҳбарларининг камдан-камига насиб этган.    

Шу ўринда таъкидлаш керакки, Франция Марказий Осиёнинг тез суръатларда тараққий топаётган давлатларидан бири — Ўзбекистондаги ислоҳотларни юқори даражада баҳоламоқда. Президентимиз бошчилигида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларини францияликлар ва бутун дунё ҳамжамияти эътироф этмоқда. Тўғри, икки мамлакат ўртасидаги алоқалар узоқ тарихга эга. Тарихдан яхши биламиз, Франция қироли Карл VI ва Амир Темур даврида ўзаро савдо-сотиқ ва дўстона муносабатлар юқори даражада йўлга қўйилган. Францияликлар ҳатто Соҳибқирон бобомизни “Европа халоскори”, деб ҳам аташади. Ҳали ҳамон Амир Темур бобомизга юксак ҳурмат билан муносабатда бўлишади.

Тарих такрорланади, дейишгани бежиз эмас экан. Орадан асрлар ўтиб, Ўзбекистон етакчисига бўлган муносабат, ҳурмат қайтадан тикланди. Яъни, адолатпарвар Амир Темур бобомиз давридаги муносабатлар, ҳурмат-эътибор Президентимиз Шавкат Мирзиёев даврида янгидан қад ростлаб, янада юқори чўққига кўтарилди.  

Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг Францияга давлат ташрифи Ўзбекистон-Франция муносабатларида мутлақо янги даврни бошлаб берди. Дунё мамлакатлари ўртасида зиддиятлар, тўқнашувлар кучайиб бораётган бир пайтда Ўзбекистон давлатига, унинг Президентига бўлган эътибор ва ҳурмат даражаси қанчалик юқори бўлаётгани, икки мамлакат ўртасида стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисидаги декларация қабул қилинганининг ўзи ҳам Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар юқори даражада баҳоланганидан далолат бериб турибди.

“Адолат” социал-демократик партияси ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси Президентимизнинг ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле билан ўтказган музокараларига алоҳида эътибор қаратди. Бу музокараларда ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари ҳамда ташкилот Бош конференцияси бу йилги 43-сессияси илк марта Самарқанд шаҳрида ўтказилиши билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокама қилингани диққат марказимизда бўлди.

Биз Самарқандда ўтказиладиган сессияда партиямиз томонидан илгари сурилаётган ғояларимизга мос келадиган масалалар халқаро даражада муҳокама қилинишига умид қиламиз. Хусусан, таълим, тиббиёт, илм-фанни ривожлантиришнинг долзарб масалаларини кенг миқёсда муҳокама қилишга, дунё мамлакатларида учраб турган глобал муаммоларнинг ечимини биргаликда излаб топишга эришамиз, деб ўйлаймиз.  

Умуман олганда, бу галги расмий ташриф яқин ва узоқ истиқболда мамлакатлар ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий ва илмий соҳадаги алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилади, деб айта оламиз ва бу борада парламентнинг роли ҳамда ўрнини оширишда ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшишга интиламиз.  

Робахон Маҳмудова,

“Адолат” социал-демократик партияси раиси. ЎзА