Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президентимиз таклиф этган ҳужжат ИҲТ доирасидаги ҳамкорликни ривожлантиради
17:38 / 2023-11-13

Парламент қуйи палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилишида дастлаб мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий тадбирлар хусусида тўхталиб ўтилди. Хусусан, Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммитининг аҳамияти атрофлича муҳокама қилинди.

– Ярим миллиард аҳоли яшайдиган ва дунё энергетика ресурсларининг учдан бир қисмига эга ИҲТ макони савдо-иқтисодий, саноат, инвестиция ва инновациялар, транспорт соҳаларидаги алоқаларни ривожлантиришда катта салоҳиятга эга, – деди фракция раҳбари А.Қодиров. – Кейинги йилларда ташкилот доирасидаги ҳамкорлик жадал ривожланаётган бўлсада, ишга солинмаган катта салоҳият мавжуд. Масалан, ўтган йили аъзо давлатлар ўртасидаги савдо кўрсаткичи 85 миллиард долларни ташкил этди. Бу уларнинг умумий ташқи савдосининг атиги 8 фоизини ташкил қилади, холос. Имтиёзли савдо битимини тузиш бўйича кўп йиллик уринишлар кутилган самарани бермаяпти. Тўсиқсиз савдони шакллантириш йўлида ҳали-ҳамон кўплаб чеклов ва муаммолар сақланиб қолмоқда. Шундан келиб чиқиб, ташкилот доирасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариш мақсадида Ўзбекистон Президенти томонидан “Иқтисодий ҳамкорликнинг стратегик мақсадлари – 2035" концептуал ҳужжатини ишлаб чиқиш таклиф этилди. 

 

Йиғилишда шунингдек, Италия Республикаси Президенти Сержо Маттарелланинг мамлакатимизга расмий ташрифининг якунларидан келиб чиқувчи устувор вазифалар ҳам муҳокама қилинди.  

Шундан сўнг парламент назоратининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, қонунчилик таклифларини илгари суриш тартибларига оид “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси муҳокама қилиниб, қатор таклифлар билдирилди.  

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг йиғилишида ҳам бир қатор қонун лойиҳалари муҳокамалар марказида бўлди. Хусусан, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинар экан, мамлакатимизда атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда санитария ва экологик ҳолатни яхшилаш бўйича тизимли ишлар олиб борилаётгани қайд этилди.  

Таъкидландики, соҳада олиб борилаётган ишлар билан бирга, қурилиш, ишлаб чиқариш ва урбанизация кўламининг кенгайиши атроф табиий муҳитга ифлослантирувчи моддалар чиқарилишининг кескин ортишига сабаб бўлмоқда. Шунга кўра атроф табиий муҳитнинг нормативдан ортиқ даражада ифлосланишининг олдини олиш мақсадида табиатга зарарли таъсир кўрсатаётган объектлар фаолиятини чеклаш ва тўхтатиб қўйиш мезонларини қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.  

Аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи учун хавф юзага келишининг олдини олиш мақсадида “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида"ги ҳамда “Экологик назорат тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига атроф табиий муҳитни нормативдан ортиқ даражада ифлослантирувчи корхоналар, ташкилотлар, иншоотлар ва бошқа объектлар фаолиятини ўн иш кунидан кўп бўлмаган муддатга чеклашни ҳамда тўхтатиб туришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.  

Муҳокамаларда сўз олган фракция аъзолари ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши экологик вазиятни яхшилашга, аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига хавф юзага келишининг олдини олишга хизмат қилишини таъкидлади.  

Шунингдек, кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА