Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президентимиз табриги бизларни янги марралар сари ундамоқда
10:15 / 2021-06-03

Бугунги кунда биз спортчиларнинг нуфузли мусобақаларда муносиб иштирок этиб, улкан марраларни забт этаётганимиз юртимизда спортни ривожлантириш учун яратилаётган кенг имкониятлар самараси, десам муболаға бўлмайди.

24-31 май кунлари Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида бўлиб ўтган Осиё чемпионатининг 52 килограммгача вазн тоифасида иштирок этиб, олтин медални қўлга киритдим. Мусобақа давомидаги ҳар бир жанг олдидан менга муваффақият тилаб дуо қилаётган халқимизни, Президентимиз ишончини ҳис қилган ҳолда ғалаба сари интилдим. Натижада Осиё чемпиони, деган улкан шарафли номга сазовор бўлдим ва ушалмаган орзуимга эришдим. Шу кунга қадар Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатида шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олган бўлсам-да, қитъамиз биринчилигининг олтин медалини қўлга кирита олмаган эдим. Улкан эътибор ва қулай шароит натижасида бу орзуим ҳам ушалди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Осиё чемпионатидаги муваффақиятларимизни юқори баҳолаб, терма жамоамизга табрик йўллади. Бу биз учун кутилмаган энг катта совға бўлди. Мамлакатимизда бизни кутиб олиш учун уюштирилган маросимда ушбу табрикни ўқиб эшиттиришар экан, у ерда бизга билдирилган ишонч, камтарона меҳнатларимизни улкан баҳолангани бизни янги марралар сари ундади, қалбимизни ғурур ва ифтихорга тўлдирди.

Энди эса мен олдимга яна бир улкан мақсадни қўйдим: жорий йил Японияда бўлиб ўтадиган “Токио-2020” Олимпия ўйинларида ҳам муносиб иштирок этиб, 2016 йилги Олимпиада каби шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олмоқчиман.

Бу улкан мақсадга эришиш учун тинимсиз меҳнат, юқори даражадаги тайёргарлик керак. Бунда эса Президентимизнинг 2017 йил 9 мaртдaги “Ўзбекистон спортчилaрини 2020 йил Токио шaҳридa (Япония) бўлиб ўтaдигaн XXXII ёзги Олимпия вa XVI Пaрaлимпия ўйинлaригa тaйёрлaш тўғрисидa”ги, 2021 йил 29 апрелдаги "Боксни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорлари муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Шаҳобиддин Зоиров,

Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси,

Осиё ва жаҳон чемпионати ҳамда Олимпия ўйинлари ғолиби.