French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президентимиз қишлоқ хўжалиги соҳасидаги истиқболли лойиҳалар билан танишди
19:25 / 2017-03-10

Давлатимиз раҳбари Жондор туманидаги “Жондор чинор чорва” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этиладиган паррандачилик мажмуаси лойиҳаси билан танишди.

Давлатимиз раҳбари Жондор туманидаги “Жондор чинор чорва” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этиладиган паррандачилик мажмуаси лойиҳаси билан танишди.

Бухоро вилоятида паррандачиликни ривожлантириш мақсадида интенсив технологиялар кенг жорий этилмоқда. Натижада тухум ва парранда гўшти ишлаб чиқариш ҳажми ортмоқда. Бугунги кунда вилоятда паррандалар 3,8 миллион бошга, тухум ишлаб чиқариш 347,7 миллион донага етди.

Парҳез гўшт ишлаб чиқаришни янада кўпайтириш мақсадида “Жондор чинор чорва” масъулияти чекланган жамияти Нидерландиядан гўшт йўналишидаги наслли парранда олиб келди. Энди корхона негизида қўшимча равишда парранда гўштини қайта ишлаш цехи, 110 минг бош жўжа ўстиришга мўлжалланган мажмуани ишга тушириш режалаштирилган. Умумий қиймати 15 миллиард сўм бўлган мазкур лойиҳа натижасида парранда гўшти тайёрлаш 2 минг тоннага етказилиб, унинг минг тоннаси қайта ишланади. Аҳолига 18 миллион дона тухум, 1 миллион дона жўжа етказиб берилади. Маҳсулот экспорт ҳам қилинади. Жами 285 иш ўрни яратилади.

Президентимиз корхонанинг рентабеллигига эътибор қаратди. Паррандаларни касалликлардан ишончли ҳимоя қилиш, хориждан олиб келинаётган озуқа маҳсулотларини маҳаллийлаштириш даражасини ошириш зарурлигини таъкидлади.

"Ўзмиллийбанк" ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва “Property Industry” масъулияти чекланган жамияти таъсисчилигида Бухоро туманида 38 гектарда агрологистика маркази барпо этилмоқда. Умумий қиймати 21,8 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳа доирасида марказда Хитой, Германия, Дания технологиялари асосида мева-сабзавотларни қуритиш, музлатиш, мураббо, жем ва тузламалар ишлаб чиқариш қувватлари, музлаткич ва сублимация ташкил этилади. Бу йилига 10 минг тонна мева-сабзавотни қайта ишлаш, дастлабки йилларда 6,5 миллион доллар миқдоридаги маҳсулот экспорт қилиш имконини беради. Натижада 250 доимий иш ўрни яратилади.

Ушбу агрологистика марказида маҳаллий хомашё асосида эни 12 метрлик полиэтилен плёнкалар, агрокимёвий воситалар ва суюқ ўғитлар ҳам ишлаб чиқарилади. Шу пайтгача хориждан олиб келинган бу маҳсулотлар импорт ўрнини босиш билан бирга экспортга ҳам йўналтирилади.

Президентимиз ушбу марказ лойиҳаси билан танишар экан, бу ерда экспортбоп маҳсулотлар экиш, коммуникация тармоқларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш зарурлигини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари Пешку туманида ташкил этиладиган чорвачилик комплекси лойиҳаси билан танишди.

Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, чорвачилик, хусусан, наслчилик ишларини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар юксак самаралар бермоқда. 2016 йилда Бухоро вилоятида қорамоллар бош сони 2015 йилга нисбатан 4,1 фоизга, қўй ва эчкилар 5,5, гўшт етиштириш 7,1, сут ишлаб чиқариш 9,5 фоизга ошди.

Янги чорвачилик комплекси 1000 бош қорамол ва 1 минг 500 бош қўй боқишга мўлжалланган. Умумий қиймати 10 миллиард сўмдан ортиқ бўлган мазкур лойиҳа натижасида 2 минг 650 тонна сут, 200 тонна гўшт, 2,5 тонна жун ишлаб чиқариш режалаштирилган. 800 гектар майдонда озуқа етиштирилади. 100 дан ортиқ иш ўрни яратилади.

Шу ерда Бухоро, Пешку, Ромитан, Олот туманларида ташкил этилаётган бошқа чорвачилик хўжаликлари лойиҳалари ҳам намойиш этилди.

Шавкат Мирзиёев Аму-Бухоро ирригация тармоқлари лойиҳаси тақдимоти билан ҳам танишди.

Биринчи Президентимизнинг 2015 йил 25 августдаги қарорига мувофиқ “Аму-Бухоро ирригация тизимларини қайта тиклаш” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Шу кунгача Қуйи мозор, Қоракўл ва Олот насос станциялари реконструкция қилинди. Умумий қиймати 406 миллион доллардан ортиқ бўлган мазкур лойиҳа доирасида Аму-Бухоро-I янги насос станцияси қурилади, Аму-Бухоро-II, Қуйи Мозор, Қизилтепа ва Қизилтепа-I насос станциялари реконструкция қилинади. Бунинг самарасида Бухоро вилоятида 275 минг, Навоий вилоятида 40 минг гектар ер сув билан барқарор таъминланади. Йилига 134,2 миллион киловатт электр энергияси, 25,6 миллиард сўмдан зиёд бюджет маблағи тежалади.

Президентимиз бу ирригация тизими Бухоро учун жуда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, ажратилган маблағ ва техникалардан оқилона фойдаланиш, белгиланган тадбирларни ўз вақтида амалга оширишга эътибор қаратиш бўйича кўрсатмалар берди.

Шу ернинг ўзида жорий йилда Бухоро вилоятида ташкил қилинадиган интенсив мевазор ва узумзорлар режаси ҳам намойиш этилди.