Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президентимиз эътирофи наманганлик тадбиркорларга куч ва юксак масъулият юклайди
19:31 / 2021-01-08

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси юртимизда ишбилармонлик муҳитини янада ривожлантириш, тадбиркорлар фаолиятига боғлиқ ташаббусларга бой бўлди.

Якунига етган 2020 йил дунё мамлакатлари қатори Ўзбекистонимиз учун ҳам ғоят оғир ва синовли кечди. Коронавирус пандемияси барча соҳаларга ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмади. Шунга қарамай, аниқ белгиланган мақсадлар сари қабул қилинган оқилона қарорлар туфайли олдимизга қўйилган барча мақсадларга эришдик, десак асло муболаға бўлмайди.

Мурожаатномада билдирилган ҳар бир ташаббус ва таклиф ўзининг амалий жиҳатлари билан барчанинг эътиборини тортди. Яъни, амалга ошириладиган ишларнинг бевосита молиявий манбалари аниқ кўрсатиб ўтилди.

Бугунги кунда Наманганда ишлаб чиқарилаётган тайёр кийим-бош маҳсулотларини нафақат ички бозор, жаҳон бозорида ҳам ўзининг муносиб ўрни ва сифатига эгалиги Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Мурожаатномада алоҳида таъкидланди. Юксак минбардан туриб айтилган бундай эътироф барча наманганлик тадбиркорлар қатори каминада ҳам ўзгача куч ва янги масъулият юклайди.

Сўнгги тўрт йил ичида мамлакат иқтисодиётининг барча жабҳаларига бозор механизмларини жорий этиш борасида жиддий қадамлар ташлангани, эндиги вазифа – чуқур таркибий ислоҳотлар орқали узоқ муддатли барқарор ўсишнинг пойдеворини яратишдан иборатлиги, иқтисодий ўсишга, аввало, рақобатдош саноат занжирларини яратиш ҳамда бундай лойиҳаларга инвестицияларни кўпайтириш орқали эришилишига алоҳида эътибор қаратилди.

Эътиборли шундаки, Ўзбекистонни яқин истиқболда ривожлантиришнинг устувор жиҳатлари янграган Мурожаатноманинг аксарият қисми иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш хусусида бўлди. Бу албатта, ҳозирда жаҳонда кузатилаётган мураккаб вазиятда мамлакатимизни ҳар жиҳатдан тараққий эттиришда ўта долзарб ҳисобланади.

Аҳамиятли жиҳати, Мурожаатномада келгуси йилда ҳар бир соҳа ривожи – умумтараққиётимизнинг ажралмас қисми сифатида кўрилиб, бош стратегик вазифалар белгилаб берилди. Энг муҳими пухта ўйланган бу мақсад ва вазифаларнинг ҳар бири моддий жиҳатдан етарлича таъминланганидир. Масалан, тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида 6 триллион сўм кредит ажаратилиши, тадбиркорларни комплекс ҳимоя қилишга қаратилган “Тадбиркорлик кодекси” ишлаб чиқилиши, тадбиркорлик субъектларида текширишлар ўтказишга яна бир йил мораторий эълон қилиниши, тадбиркорлар учун қўшимча 1,5 триллион сўмгача айланма маблағлар яратилиши ва бошқа шу каби қўшимча имтиёзлар юртимиз иқтисодиётининг таянчига айланган тадбиркорларни қувонтириб юборгани, ғайратига ғайрат, эртанги кунига катта ишонч уйғотиши шубҳасиз.

Мурожаатномада 2021 йилда 23 миллиард доллар қийматидаги инвестицияларни ўзлаштириш зарурлиги, натижада 226 та йирик саноат ва инфратузилма объекти ишга туширилиши айтиб ўтилди. Бу ўз навбатида мамлакат иқтисодиёти барқарорлигини таъминлаши баробарида ижтимоий масалалар ечимида ҳам ўзига хос аҳамиятга эгадир. Корхоналар ишга тушиши билан минглаб одамлар иш билан таъминланади, уларнинг рўзғори бут бўлади.

Бахтиёр Умаров,

Наманган шаҳридаги “Истиқлол текстил дизайн”

масъулияти чекланган жамияти раҳбари,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси

ЎзА