Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президентимиз белимизга янги белбоғ боғлагандек ҳис этдик, ўзимизни...
18:51 / 2022-08-22

Пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида Президентимизнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бизни янада руҳлантириб, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ишларимизни собитқадамлик билан давом эттиришга ундади.

Видеоселектор шаклида ташкил этилган учрашувда давлатимиз раҳбарининг сўзларини тинглар эканман, кейинги йилларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган юксак эътибор кўз ўнгимдан ўтди. Тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мустаҳкамланди. Солиқ, божхона ва бошқа тўловларда имтиёзлар берилди. Мавжуд тўсиқ ва ғовларга чек қўйилди.

Давлатимиз раҳбари ўтган йил 20 август куни тадбиркорлар билан ўтказган илк очиқ мулоқотида бу сана мамлакатимизда “Тадбиркорлар куни”, дея эълон қилиниб, мазкур учрашув анъанавий тарзда ҳар йили ташкил этилиши белгиланди. Шунга мувофиқ бугун ўтказилган очиқ мулоқот ҳам бизга бир олам қувонч улашди. Тинч, обод юртда тадбиркорлик билан шуғулланаётганимиздан фахр-ифтихор туйғумизни юксалтирди. Президентимиз белимизга янги белбоғ боғлагандек ҳис этдик, ўзимизни. Чунки, соҳада дуч келинаётган бирон масала эътибордан четда қолмади. Масалан, учрашувда соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш юзасидан бешта йўналишда ташаббусларни билдирдилар. Жаҳон иқтисодиётида пандемия таъсири сезилиб турган бир пайтда бу ғояларнинг аксариятини ҳали биз кутмаган эдик.

Учрашувда билдирилган бошқа фикрларни қўя турайлик, мана шу ташаббусларнинг ўзини мамлакатимизда тадбиркорлар қадри улуғланаётганининг амалдаги ифодаси, дейиш мумкин. Бунда биринчи йўналиш корхоналарни тоифаларга ажратиб, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича алоҳида ёндашув белгиланадиган бўлди. Бу жараёнда корхоналар йиллик айланмаси бўйича тоифаларга ажратилади. Шундан келиб чиқиб, янги йилнинг 1 январидан кичик бизнес учун айланмадан олинадиган солиқнинг амалдаги 4 фоиздан 25 фоизгача бўлган ставкалари ўрнига 4 фоизли солиқ ставкаси жорий этилади. Олис ҳудудлардаги ва алоҳида тоифадаги тадбиркорлар учун амалдаги 1 ва 2 фоизли ставкалар сақланиб қолаётгани, ёки улар ихтиёрий равишда йилига 20-30 миллион сўм тўласа, бухгалтерия ҳисобини юритиш солиқ идораларига тақдим этиш мажбуриятидан озод қилинаётгани аҳамиятлидир. Бу йўналишда яна қатор имтиёзлар берилаётгани эътиборга сазовор. Кичик ва ўрта бизнеснинг қўшимча қиймат солиғида ҳам катта ўзгариш юз беради.

Бизни қувонтирган яна бир масала – фаолиятимизни кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай молиялаштириш тизими яратилаётганидир. Бизнеснинг ишончли юриб кетиши учун етарли шароит яратиш, инфратузилма ва кафолатли бозор зарурлигига ҳам барчанинг эътибори қаратилгани ҳам айни муддао бўлди. Тадбиркорларнинг мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш масаласида ҳам муҳим йўналиш сифатида белгилаб берилди. Эндиликда мулк ҳуқуқига оид қарорларни ҳокимлар томонидан бекор қилишга йўл қўйилмайди. Ер ва мулк ажратиш ҳақидаги қарорларни бекор қилиш суд тартибида амалга оширилади. Тадбиркорларга нисбатан янги жавобгарлик ва жазо чораларини жорий этишга уч йиллик мораторий эълон қилинганини ҳам соҳа ходимларига кўрсатилаётган ғамхўрлик ва ишонч намунаси сифатида қабул қилдик.

Ёввойи қамиш қириндисидан қурилиш ва мебелсозлик саноати учун зарур ДСП материаллари ишлаб чиқарадиган корхонамизнинг лойиҳа қиймати 5 миллиард 864 миллион сўм бўлиб, замонавий хориж ускуналари билан жиҳозланган. Йилига 150 минг куб ДСП ишлаб чиқариш қувватига эга. Юзга яқин кишининг бандлиги таъминланган. Қамиш қириндисидан тайёрланган ДСП бошқаларига қараганда пишиқ ва чидамлилиги билан жаҳон бозорида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Келгусида йилига 12 миллион доллар қийматидаги маҳсулотни хорижга экспорт қилишни ҳам мўлжаллаяпмиз.

Мамлакатимизда соҳанинг ҳар тарафлама қўллаб-қувватланаётгани барча тадбиркорлар қатори бизга ҳам бизнесимизни янги босқичда ривожлантириб, юртимиз фаровонлигини таъминлашга янги куч қудрат бағишлади. Изланиб, Янги Ўзбекистонга мос янгилик яратишга даъват этди. Буларнинг барчаси жонажон Ватанимизда элимиз фаровонлигини таъминлаш, турмуш даражасини ошириш йўлида юз бераётган ўзгаришлар самараси ва инсон қадри юксак даражада улуғланаётганининг ёрқин намунасидир.

Чори Қувватов,

Термиз шаҳридаги “SURXON KSP-GRANT” масъулияти чекланган жамияти раҳбари

ЎзА