Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президентимиз Қарши шаҳридаги “Ватанпарварлар” боғи қурилиши билан танишди
17:02 / 2018-12-14

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифининг иккинчи куни Қарши шаҳрида бунёд этилаётган «Ватанпарварлар” боғига борди.


Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифининг иккинчи куни Қарши шаҳрида бунёд этилаётган «Ватанпарварлар” боғига борди. 

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг январь ойида Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Қарши шаҳридаги Ислом Каримов кўчасида жойлашган “Болалар” боғи номини “Ватанпарварлар” деб ўзгартириш, бу ерда ана шу шарафли номга уйғун руҳда реконструкция ишларини амалга ошириш юзасидан топшириқ берган эди. 

Юртимизда садоқатли, жамиятга дахлдорлик ҳисси, ҳарбий-ватанпарварлик туйғуси юксак ёш авлод вояга етмоқда. Бу жараёнда миллий армиямиз тизимида амалга оширилаётган кўтаринки руҳдаги ислоҳотлар муҳим омил бўлмоқда, ёшларнинг ҳарбий соҳага қизиқиши ва интилиши кучаймоқда. 

Боғни барпо этишдан кўзланган мақад ёшларда тарихимиз ва маданиятимиздан ғурурланиш туйғусини кучайтириш, Ватан равнақи йўлида фидокорона курашган миллий қаҳрамонларимиз номини абадийлаштириш, миллий армиямиз қудрати ва салоҳиятига бўлган ишончни кучайтиришдан иборат. 

Қарийб 7 гектар ҳудуддаги “Ватанпарварлар” боғи ўтган қисқа фурсат ичида ана шу ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда янги қиёфа касб этмоқда. Бу ерда 2018-2019 йилларда 29,3 миллиард сўмлик реконструкция ишларини амалга ошириш мўлжалланган. Айни пайтда 15,4 миллиард сўмлик ишлар бажарилган. 

Боғдаги сунъий кўл, кириш дарвозаси, амфитеатр, ҳарбий хандақ, қояда тошга чиқиш, ўқ отиш жойи ва лукодром қурилиши якунланган. Музей қурилиши тугалланиш арафасида, парашютдан сакраш минораси қурилиши, кўкаламзорлаштириш ишлари жадал давом этмоқда. 

Бу ерда Ўзбекистон манфаатларини нафақат ҳарбий, балки барча соҳаларда химоя қилишга тайёр туриш ҳамда Қуролли Кучларимизнинг қудратини ҳаётий мисоллар ва таъсирчан кўргазмали воситалар орқали ёшлар онгига сингдириб боришга алоҳида эътибор қаратилган. 

0a90c7db-ad5c-25dd-d28e-5c4d5b1af4d9.jpg

Мудофаа вазирлиги томонидан тақдим этилган, турли йилларда хизмат қилган 24 та ҳарбий техника макети боғ ҳудудига ўрнатилган. Махсус тайёрланган ҳарбий ҳандақда Иккинчи жаҳон урушида мардонавор жанг қилган ватандошларимиз ҳақида маълумотлар берилади.

Бундан ташқари, боғда Ўзбекистон миллий харитаси вилоятлар кесимида макет тарзида жойлаштирилган. Унда ҳар бир вилоятнинг буюк сиймолари, қадимий обидалари, сервиқор тоғлари, ҳудудидан оқиб ўтувчи дарёлари, бепоён кенгликларигача акс эттирилган. Мухтасар айтганда, бу ерга ташриф буюрувчилар Ўзекистонимиз ҳудудлари ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлади. 

Боғ атрофида қурилган 4 та замонавий кўп қаватли турар жой, халқаро талабларга жавоб берадиган замонавий ёпиқ сузиш ҳавзаси ҳудуд гўзаллигини янада оширади. 

Давлатимиз раҳбари “Ватанпарварлар” боғида амалга оширилаётган қурилиш-ободонлаштириш ишлари билан танишар экан, уни янада замонавийлаштириш, мавжуд имкониятлардан, инновацион ғоялардан унумли фойдаланиш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.

Шундай бўлсинки, бу маскан ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мактаб ўқувчиларининг ҳарбий касбга бўлган қизиқиши ортишига хизмат қилиши керак, деди Президентимиз. 

9318c09d-6ea7-92eb-a12a-f5219c9ffcba.jpg

3bb42383-4a7d-6d54-cfee-755b302bcd59.jpg