Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент Ислом Каримов Минор мавзесида барпо қилинаётган масжид биноси қурилиши ишлари билан танишди
22:49 / 2014-07-18

Бугунги кунда бундай обидалар юртимизнинг энг файзли ва табаррук гўшаларига айланди.

Халқимизнинг имон-эътиқод, меҳр-оқибат, хайру саховат, одамийлик, ҳамжиҳатлик сингари эзгу хислатлари маънавий ҳаётимизни юксалтиришда тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу борада мамлакатимизда виждон эркинлиги, диний бағрикенглик тамойилларига алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг қонуний асосда мустаҳкамлаб қўйилганлигини қайд этиш лозим.

Мустақиллик йилларида давлатимиз раҳбари Ислом Каримов раҳнамолигида азалий урф-одат ва қадриятларимизни қайта тиклаш, муқаддас динимизни, азиз-авлиё ва уламоларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, уларнинг қадамжоларини ободонлаштириш, тарихий обидаларни асраб-авайлаш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Имом Бухорий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Исо Термизий, Баҳоуддин Нақшбандий мажмуалари, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Ҳазрати Имом қадамжолари каби муқаддас масканларда катта ҳажмдаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бажарилди.

Бугунги кунда бундай обидалар юртимизнинг энг файзли ва табаррук гўшаларига айланди. Шулар қаторида Тошкент Ислом университети ташкил қилиниб, ушбу илм масканида талабаларнинг диний маърифат асосларини чуқур эгаллаши учун зарур шароитлар яратилганини айтиб ўтиш жоиз.

Бундай хайрли ва савобли ишлар бугунги кунда ҳам изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, пойтахтимизнинг кўҳна Минор мавзесида янги муҳташам масжид биноси барпо қилинмоқда.

Президентимиз Ислом Каримов 18 июль куни ана шу масканда бўлиб, қурилиш ишлари билан яқиндан танишди.

Шу ўринда айтиш керакки, Юртбошимизнинг ғоя ва таклифлари асосида яратилган ушбу лойиҳада миллий меъморчилигимизнинг азалий анъана ва услубларидан фойдаланган ҳолда ҳар жиҳатдан бетакрор, муаззам мажмуа барпо этиш кўзда тутилган.

Давлатимиз раҳбари бу ерда моҳир қурувчи ва усталарнинг фаолияти билан танишар экан, амалга оширилган кенг кўламли қурилиш ва ободончилик ишлари ҳақида фикр билдирди, мажмуани янада такомиллаштириш бўйича кўрсатма ва тавсиялар берди.

Ислом Каримов мазкур қадамжо атрофида олиб борилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ҳам синчиклаб кўздан кечирди. Ҳар бир дарахт, ҳар қайси майдон, фаввора ва йўлак шаҳарсозликнинг энг юксак талабларига уйғун бўлиши зарурлигини уқтирди.

Ҳозирги вақтда ушбу ҳудуддан оқиб ўтадиган Анҳор ва унинг атрофидаги жойлар ободонлаштирилиб, пойтахт қиёфасига алоҳида кўрк ва чирой бағишламоқда.

Бу ишларнинг барчаси шаҳар аҳолиси ва меҳмонларининг гўзалликдан баҳра олиб, мазмунли дам олишлари, бир сўз билан айтганда, эл-юртимизнинг маънавий дунёсини бойитишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Президентимиз бундай муқаддас жойларда аввало пок ният, соф интилиш билан иш олиб бориш, ҳар бир ғиштни қўйишда етти ўлчаб бир кесиш кераклигини, токи биз бунёд этган муҳташам иморатлар асрлар давомида авлодларимизга ҳайрат ва ғурур-ифтихор бағишлаб туриши зарурлигини алоҳида таъкидлади.