Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 18-19 февраль кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида вилоят марказидан анча олисдаги Бунёдкор маҳалласида аҳоли билан мулоқоти чоғида тадбиркор Анасхон Дадабоев давлатимиз раҳбарига маҳалласи учун идора биносини ўз ҳисобидан қуриб беришни ваъда қилган эди.
Янги йил байрами олдидан ўзига хос туҳфа сифатида, Янги Наманган туманидаги “Мустақилликнинг беш йиллиги” маҳалла фуқаролар йиғини учун қуриб битказилган замонавий идора биноси фойдаланишга топширилди. Мазкур гузарда ўзини ўзи бошқариш органида фаолият юритаётган барча ходимларнинг ҳар бирига алоҳида хоналар бунёд этилди. Маҳаллада ўтказиладиган турли йиғилишлар учун мўлжалланган зал ҳамда эҳтиёжманд оилаларга тарқатиш мақсадида парваришлаш учун товуқхона ҳам мавжуд.

Янги маҳалла идорасининг очилишида вилоят маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси, вилоят Нуронийлар жамоатчилик кенгаши, Янги Наманган тумани ҳокимлиги, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими вакиллари иштирок этди.
Президентимизнинг 2020 йил 18 февралдаги тегишли қарорига асосан, ҳар бир маҳаллада тадбиркорлик субъектлари - юридик шахсларни фаол жалб қилиш ҳисобига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи комплексини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш белгиланган эди. “Мустақилликнинг беш йиллиги” маҳалла фуқаролар йиғини учун қурилган янги бино маҳалла марказига айланди. Олдинлари эса мактабдан ажратилган битта хонада иш олиб борилган ва бу маълум қийинчиликлар туғдирарди. Эндиликда эса МФЙ идорасига моддий-техник базани мустаҳкамлаш мақсадида “Маҳалла” фонди томонидан мебеллар тўплами, компьютер жамланмаси ва йиғилиш хонасига етарли миқдорда юмшоқ стуллар билан таъминланди.

Мазкур МФЙ учун идора биносини қуриш жараёнида тадбиркор маълум қийинчилик ва тўсиқларга учради. Юзага келган айрим келишмовчиликлар сабабли қурилиш муддати чўзилди. Тадбиркор Анасхон Дадабоев ва Янги Наманган тумани ҳокими Жобир Абдуллаев ўртасидаги телефон сўзлашуви ёзиб олинган аудио ижтимоий тармоқларда эътирозларга ҳам сабаб бўлди. Аммо ўз аҳдида собит турган тадбиркор Президентга берган ваъдасининг устидан чиқди.
Маҳаллалар фаолиятини такомиллаштиришга қаратилаётган эътибор энг аввало, давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган “Маҳалла раиси - ислоҳотчи” тамойилини ҳаётга изчил татбиқ этишга хизмат қилади.


Оқилхон Дадабоев, ЎзА