АОКА да ўтказилган брифингда “Ўзкимёсаноат” АЖ ахборот хизмати раҳбари Рустамбек Эшбеков тизимда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш натижалари ҳақида маълумот берди.
Қайд этилганидек, 2023 йилнинг ҳозирги кунига қадар “Ўзкимёсаноат” АЖ ижро аппаратига тушган мурожаатлар сони 296 тани ташкил этган. Шундан 46 таси юридик ва 250 таси жисмоний шахслардан.
–Ушбу мурожаатларнинг ҳар бирига ўз вақтида аҳамият қаратилиб, мазмун-моҳияти бўйича ҳал этилган. Хусусан, уларнинг 69 таси қаноатлантирилган бўлса, 216 тасига тушунтириш берилган ва қолган 11 таси тегишлилиги бўйича юборилган. Шу билан бирга, жорий йил давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали “Ўзкимёсаноат” АЖга жами 151 та мурожаат келиб тушган. Шундан 25 таси қаноатлантирилган, 119 таси бўйича тушунтириш берилган, 7 таси тегишлилик нуқтаи назаридан тақдим этилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари орқали жами 6 та мурожаат келиб тушган бўлиб, 3 та мурожаатга тушунтириш берилган, 3 таси қаноатлантирилган. Мурожаатларнинг аксарияти Навоий, Қашқадарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларида ҳамда Тошкент шаҳрида яшовчи фуқароларга тўғри келади, – деди Р.Эшбеков.
Шунингдек, брифингда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси орқали “Ўзкимёсаноат” АЖга жами 20 та мурожаат келиб тушгани таъкидланди. Унга кўра, мурожаатларнинг аксарияти юридик шахсларга тегишлидир.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА