Мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган.
Кўксарой қароргоҳида давлатимиз раҳбарининг ёшлар билан мулоқотида белгилаб берилган вазифалар ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиши билан бирга олий таълим тизими олдига мутлақо янги талабларни қўймоқда.
Бу талабларнинг моҳияти шундаки, мамлакатимиздаги мавжуд олий таълим муассасалари ёшларга бакалавр ёки магистр дипломини бериш ишлари билан эмас, балки уларни ҳаётга тайёрлаш, ўз соҳасининг керакли мутахассиси бўлиб етишишига устувор аҳамият бериши лозим.
Учрашувда таъкидланганидек, ёшлар ўз соҳасини пухта билиши, янги иш жойига борганда қийналмаслиги, барқарор даромад топиши зарурки, бунда олий таълим муассасаси ҳар бир ёшга аниқ йўлланмага эга бўлишига зарур шарт-шароит яратмоғи керак бўлади.

Давлатимиз раҳбари айтиб ўтганидек, ҳар йили 600 минг ёш меҳнат бозорига кириб келаётгани, 2030 йили бу кўрсаткич 1 миллионга етиши, ёшларга ўз имконияти ва қизиқишига мос иш топиши учун шароит яратиш бугунги куннинг энг муҳим масаласидир.
“Келажакка қадам” дастури доирасида олий ўқув юртларини битираётган талабаларнинг касбий амалиётни ҳақ тўланадиган ва ишга олиб борадиган босқич сифатида ўташ имконияти саналади. Амалиёт иш берувчи, олий таълим муассасаси ва талаба ўртасидаги келишув асосида очиқ ва шаффоф тарзда ташкил этилиши назарда тутилмоқда. Бу эса ёшларни иш қидирувчи эмас, ишга тайёр мутахассис сифатида шакллантиришга қаратилгани билан моҳият касб этади.
Айтиш лозим, жорий йил апрель-май ойларида мамлакатимиз олий таълим муассасаларида “Карьера куни” меҳнат ярмаркасини юқори савияда ташкил этиш режалаштирилган.
Хусусан, Тошкент давлат техника университетида жорий ўқув йилида 2455 нафар битирувчини муносиб иш билан таъминлаш бўйича тизимли ишларни амалга ошириш, зарур дастурларни ишлаб чиқиш борасида аниқ механизмлар яратилмоқда.
Университет томонидан иш берувчи корхона ва ташкилотлар кесимида кадрларга бўлган эҳтиёж асосида “кадрлар буюртмалари базаси” шакллантирилаётгани эътиборлидир.
Иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудлар кесимида талаб ва таклиф танқидий таҳлил қилиниб, битирувчиларни мақсадли йўналтириш механизми ишлаб чиқилди. Бу орқали ҳар бир йўналиш ва мутахассислик бўйича иш ўринларига бўлган реал эҳтиёжлар аниқлаштирилмоқда.
Шу билан бирга, талабаларни хусусий сектор буюртмаси асосида тайёрлаш амалиётини йўлга қўйиш борасида зарур чора-тадбирлар амалга оширилиши бугунги куннинг муҳим вазифаси саналади.
Бу ёндашув ёш мутахассисни иш изловчи эмас, балки рақобатбардош мутахассис, иш яратувчи субъект сифатида меҳнат бозорига кириб бориши учун майдон яратилишига олиб келади.
Ёшлар бандлигини таъминлаш касбга тўғри йўналтиришдан бошланиши кундек равшан.
Мулоқот чоғида Президентимиз “Ўсиш ва ривожланиш” лойиҳаси доирасида бу йил медиа, дизайн, ҳунармандчилик, ишлаб чиқариш ва инновация йўналишларида танловлар ўтказилганлиги, энг яхши 40 та стартапни молиялаштириш учун 2 миллиард сўм ажратилганлиги, ўзини ўзи банд қилган ёшлар учун кредит миқдори 100 миллиондан 300 миллион сўмгача оширилиши, инновацион стартап лойиҳаларига 100 минг долларгача инвестиция киритишга рухсат берилиши айтилганда янги Ўзбекистон янги имкониятлар мамлакати эканлиги яна бир бор кенг қулоч олаётганлигининг амалий одими сифатида намоён бўлди.
Яна бир муҳими жиҳат, давлатимиз томонидан яратилган имкониятлар натижасида ёшларимиз жаҳон фан олимпиадаларида 66 та олтин, 147 та кумуш, 221 та бронза медалини қўлга киритгани, дунёнинг энг нуфузли олийгоҳларида таҳсил олаётган талаба ёшларимиз 500 нафардан, ТОП-100 таликдаги олийгоҳларда ўқиётган йигит-қизларимиз 3,5 минг нафардан ошгани, Ўзбекистоннинг салоҳияти юқори навқирон авлод вакиллари яратган 63 та стартап лойиҳаси АҚШ, Жанубий Корея, Буюк Британия ва Бирлашган Араб Амирликлари бозорларига кириб боргани “мақсад — ҳаракат — натижа” занжирига асосланган “Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг муҳим йўналишларини белгилаб берди.
Шу жиҳатдан “Мактаб — университет — корхона” занжири самарали йўлга қўйилиши янги даврнинг янги мутахассисларини бугундан тарбиялашга, келажак иш ўрнини олдиндан тайёрлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Санжар Шоқўчқоров,
Тошкент давлат техника университети бўлим бошлиғи,
Техника фанлари бўйича фалсафа доктори.