Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент ва ёшлар: имкониятлар жамият тараққиётига хизмат қилади
12:44 / 2026-03-02

Муносабат

Муваффақиятга тинимсиз меҳнат, изланиш, халқаро тажрибаларни ўрганиш, таҳлил этиш, кераклиларини ҳаётга татбиқ этиш, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, шаҳду-шижоат, малакали мутахассисларга рағбат бериш орқали эришилади.

Шу жиҳатдан, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтган йиллар мобайнида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, саъйи-ҳаракатлар натижасида мамлакатимизнинг қиёфаси ҳар жиҳатдан янгича муҳташамлик касб этди.

Шаҳару қишлоқларимизнинг кўриниши дейсизми, иқтисодий-ижтимоий тармоқлардаги янгиланишларми, саноат ва туристик тизимдаги юксалишларми, барча-барчасида том маънода яшариш, янгиланиш юз бермоқдаки, бундай эврилишларга “қайнар булоқлик” қилаётганларнинг олд қаторида сўзсиз интеллектуал салоҳияти юқори бўлган эртамиз эгалари ёшлар борлиги Ватанимиз келажагининг ойдинлигидан, дейиш мумкин.

Дарҳақиқат, Президентимиз қайси хорижий мамлакатга ёки юртимиздаги қайси масканга ташриф буюрмасин, қайси соҳа, йўналишга дахлдор тадбиру анжуманларда қатнашмасин энг аввало, ёшлар билан суҳбатлашиш, уларнинг орзу-умидлари билан қизиқадилар.

Жорий йил 24 февраль куни ёшлар билан ўтказган очиқ ва самимий учрашувида ҳам Президентимиз мамлакат келажаги бўлган ёш авлодни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг имкониятларини кенгайтириш бугунги мураккаб даврда энг асосий вазифамиз эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Янги Ўзбекистон ёшлари ҳаётида мутлақо янги босқични бошлаб бераётган учрашувда уларнинг таълим, ижодий ва спортдаги ютуқларидан тортиб, тадбиркорликка жалб қилишгача бўлган кенг кўламли ташаббуслар қамраб олинди.

Айтиш лозим, бугунги кунда юртимизда 22 миллиондан ортиқ ёшлар бор. Бу – улкан иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий кучки, ёшлар ҳаётига дахлдор ҳар бир ташаббус — бу мамлакат келажагига қўйилган стратегик инвестициядир. Президентимиз таъбири билан айтганда, бирор бир ёшимиз давлат эътиборидан четда қолмаслиги керак. Шунинг учун ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, тадбиркорликка жалб этиш, спортга қизиқтириш, ижодкорлик ва ижтимоий фаолиятларини қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Юртимиз ёшлари давлатимиз томонидан яратилган шарт-шароитлар туфайли турли соҳаларда улкан ютуқларга эришиб келмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда халқаро спорт мусобақаларида 700 дан ортиқ олтин, 600 дан ортиқ кумуш, 800 дан зиёд бронза медалларининг қўлга киритилгани Ўзбекистоннинг жаҳон майдонидаги обрўсини янада юксалтирди. Бугунги кунда мамлакатимиз аҳолиси орасида оммавий спорт билан шуғулланувчилар сони 15 миллион нафардан ошгани ҳам бу йўналишдаги ишлар самарадорлигини кўрсатмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан эътироф этилган ушбу ютуқларга эришган спортчилар қаторида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети талабаларининг ҳам борлиги қувончли ҳол, албатта.

Университетимиз талабалари Тахмина Икромова, Абдуқодир Ҳусанов, Нажмиддин Қосимҳожиев, Шарифа Давронова, Шоҳжаҳон Каримбоев, Марат Мавлонов, Шамсиддин Қурбонов, Аббосбек Файзуллаев, Фаррух Сайфиев жаҳон спорт ва футбол майдонларида ўз сўзини, куч қудратини намойиш этиб келаётгани билан Ўзбекистон ёшларининг азму шижоатини кўрсатиб келмоқда.

Замонавий спорт жисмоний тайёргарлик билангина эмас, балки илмий ёндашув, инновацион технологиялар, спорт психологияси ва таҳлилий методлар асосида тизимли фаолият юритишни талаб этади.

Шу жиҳатдан, мамлакатимиз спорт таълими зиммасига юклатилган масъулият янада ортиб, миллий спорт тараққиётининг муҳим илмий-амалий таянчига айланиш вазифаси долзарб аҳамият касб этмоқда.

Президентимиз томонидан илгари сурилган “Келажак тадбиркори”, “Янги авлод тадбиркорлари”, “Ёшлар бизнес инкубатори” каби дастурлар ёшларимизнинг иқтисодий ва ижодий фаоллигини оширишга катта руҳий қувват бериши шубҳасиз. Айниқса, “Келажак тадбиркори” дастури орқали 7 йил муддатга 15 фоизли кредитлар берилиши ёшлар учун катта имконият, уларга ўз бизнес ғояларини рўёбга чиқариш учун мустаҳкам пойдевор ҳисобланади. Бу, минг-минглаб ёшлар ҳаётига, уларнинг ижтимоий имкониятлари кенгайишига хизмат қилиши билан бирга, жамият тараққиётига ижобий таъсир кўрсатади, деганидир.

Рашид Маткаримов,

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва

 спорт университети ректори, профессор.

ЎзА