Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент ва халқ ўртасида самимий муносабат бўлган мамлакатда фаровонлик, тинчлик-осойишталик ҳукм суради, ҳар ишга барака инади
05:45 / 2021-08-25

Мустақиллигимизнинг 30 йиллигини нишонлашимизга ҳам саноқли кунлар қолди. Шу қутлуғ сана арафасида халқимиз тарихий ютуқларни қўлга киритаётгани, юртимизда ҳар соҳада оламшумул янгиликлар ва ислоҳотлар кузатилаётгани қувончли, албатта.

Бу каби эзгу ўзгаришлар замирида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг халқпарвар сиёсати, фидойилик, жонкуярлик ва садоқат билан турмушимиз фаровонлигини таъминлашга интилаётгани маҳсули борлигини ҳам эътироф этиш жоиз.

Биргина ўтган ҳафтада, 16-22 август кунлари давлатимиз раҳбари иш фаолияти аспектининг ўзиёқ Ўзбекистондаги ислоҳотлар қанчалик жадал амалга оширилаётганидан далолатдир.

17 август куни Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳарририга берган катта интервьюси чоп этилди. Бу интервью Янги Ўзбекистоннинг танлаган йўли мазмун-моҳияти ва олдимизда турган буюк мақсадларни амалга ошириш тамойилларини белгилаб бергани билан ҳам тарихий аҳамият касб этади, ҳар биримиз учун дастуриламал вазифасини ўтайди.

Ҳафта ниҳоясида, 20 август куни эса яна бир муҳим воқеликка гувоҳ бўлдик. Шуни куни Президентимиз Ўзбекистон тарихида илк бор мамлакатимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқот ўтказди.

Сиз каби ишнинг кўзини биладиган, ишбилармон юртдошларимиз тимсолида биз том маънодаги Янги Ўзбекистон бунёдкорларини кўрамиз, деди давлатимиз раҳбари.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда кейинги 5 йилга яқин вақт мобайнида амалга оширилган туб ислоҳотлар самарадорлиги, халқимиз турмуши фаровонлигини таъминлашдаги тарихий ютуқларимизда тадбиркорларнинг ўрни ниҳоят аҳамиятли бўлмоқда.

Фикримизни айрим рақамлар билан мустаҳкамласак. Кейинги 5 йилда мамлакатимизда ёш тадбиркорлар 5 баробар кўпайиб, уларнинг сони 500 мингдан ошди. Мамлакатимизда ҳар йили яратилаётган иш ўринларининг 90 фоизи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Президентимизнинг шахсан ташаббуслари билан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимиз иқтисодиётининг устувор йўналиши этиб белгиланди. Сўнгги беш йилда бу соҳани ривожлантириш мақсадида 2 мингга яқин қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Улар асосида мамлакат ишбилармон доира вакилларига, оилавий бизнес эгаларига кенг имкониятлар, зарур шароитлар яратилди. Қатор имтиёз ва преференциялар жорий этилди, тадбиркорларга солиқ юки камайтирилди, кредитлаш тизими мутлақо янгиланди, яъни соддалаштирилди.

 Яна бир гапни ҳам таъкидлашдан чарчамаймиз. Бу, айниқса, ўз бизнесини бошлаган юртдошларимизни томонидан катта фахр билан тилга олинади. Эътибор беринг, кейинги йилларда 114 та лицензия ва рухсатнома бекор қилинди, 33 та фаолият тури хабардор қилиш тартибига ўтказилди. Рухсатномаларни расмийлаштириш тартиблари соддалаштирилиб, муддатлари ўртача 2 бараварга қисқартирилди. Ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хомашё бўйича чекловларга барҳам берилди.

Тадбиркорлардан бу ўзгаришлар сизга нима берди, деб сўрасангиз шундай жавоб оласиз: аввало, юртга дахлдорлик туйғусини бағишлади, ташаббускорлик кайфиятини уйғотди. Авваллари ҳам кўп ташаббуслар бор эди, тадбиркорлик билан шуғулланиш истаги ҳам бўлган. Лекин бирон ишни бошлаш учун қанча оворагарчилик, қоғозбозликка учрар эдик, Катта идораларда “валломат акалар”нинг “очиқ қўлларини” тўлдириш керак бўларди. Охири қўй шу ишларни, деб қўл силтаган пайтларимиз ҳам кўп. Бугун замон ўзгарди, ҳокимлар ҳам биз томонда, қўлимиз узун, қаддимиз тик. 

Бу фикрни Президентнинг ўзи ҳам очиқ айтди: Беш йил илгари мазкур тизимга эътибор йўқ эди. Битта нарсани юрагимдан айтмоқчиман, тадбиркорларга шароит яратиш бўйича армонларим бор эди...

Бугун давлат раҳбаримизнинг шу армонлари ушалди ва тадбиркорлар учун мутлақо янги шароит, имтиёз ва имкониятлар яратилди.

Бунинг биргина мисоли сифатида Президентимизнинг тадбиркорларни ўйлантираётган муаммоларни ҳал қилишга қаратилган 7 та муҳим йўналишни кўрсатиб берганида ўз аксини топди.

Бу йўналишларга кўра, энди тадбиркорлар бизнесини молиялаштиришнинг янги ва содда механизми жорий этилади, солиқ тизимини такомиллаштириш ва бизнесга солиқ юкини камайтириш бўйича чоралар кўрилади, ер ажратишнинг ҳам самарали усули қўлланилади, тадбиркорлик субъектлари учун инфратузилма янгиланади, экспортёр корхоналарни қўллаб-қувватлаш бўйича янгича ёндашувлар амалга оширилади, транспорт-логистика тизимига имтиёзлар берилади ва ниҳоят соҳадаги тартиб-таомилларни соддалаштириш масалалари тубдан қайта кўриб чиқилади.

Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти ўз номига кўра, ниҳоятда самимий руҳда, очиқ муҳокамаларга бой ўтди. Давлат раҳбарининг тадбиркорларга самимий ҳазиллари ҳам мулоқот форматига ярашиб турди. Очиғи бундай учрашув бўлади, деб кутмаган эдик.

Шу ўринда алоҳида айтишни истардикки, Президентимизнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти нафақат юртимиз ишбилармон доира гуруҳи, кичик ва ўрта бизнес вакиллари, балки барча юртдошларимиз учун ҳам бирдек тааллуқли эди. Боиси, бу учрашувда мамлакат иқтисодиётини, халқимиз ҳаётини яхшилаш масалалари муҳокама қилинди, турмуш фаровонлигини, фарзандларимиз келажагини яхшилаш йўлидаги муҳим таклиф ва ташаббуслар билдирилди.

Гап шу ҳақда борар экан, Ўзбекистондаги тадбиркорлик муҳитига чет эллик тадбиркорларнинг қизиқиши ҳам ортаётганини эътироф этиш жоиз. Бугун Ўзбекистонда бизнес қиламан, бунинг учун сармоя киритаман, деган хорижлик ишбилармонлар сони кескин ортган. Чунки улар сармоя киритишга қўрқмайди, Янги Ўзбекистоннинг янги ислоҳотлари ана шу заминни ҳозирлади.

Қолаверса Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи очиқ мулоқотда шундай деди: Такрор ва такрор айтаман, ишнинг кўзини биладиган, одамларга меҳнат қилиш ва даромад топиш учун шароит яратадиган, ватанпарвар ҳамда фидойи тадбиркорларни биз доимо бошимизга кўтарамиз.

Президент билан бўлган очиқ ва ғоят самимий мулоқот тадбиркорларга нима берди?

“Биз энди ҳеч нарсадан қўрқмаймиз”, деди тошкентлик тадбиркор синглимиз. Жиззахлик тадбиркор “олдимизда ҳеч тўсиқ қолмади”, дея қувонди. Бухоролик ишбилармон дўстимиз эса Президент ҳазилидан руҳланиб яшамоқда. Бугун уни “вообще ака” келяпти, деб чақиришмоқда. Бу, албатта, мамлакатда Президент ва халқ ўртасида мутлақо тўсиқ қолмагани, барча ислоҳотлар фуқаролар манфаатини кўзлаб, очиқ-ошкора амалга оширилаётганининг ҳаётий кўзгусидир.

Бундай мамлакатда эса, албатта, фаровонлик, тинчлик-осойишталик ҳукм суради, ҳар ишда барака бўлади.

Маҳмуджон БОЛТАБОЕВ,

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия

ва спорт университети ректори