Президент ва ихтисослашган мактаблар ўқув дастури, баҳолаш тизими республика бўйича 500 мактабда жорий қилинади. Янги тизимни самарали қўллаган ўқитувчиларга 40 фоизгача устама ҳақ берилади.
2024 йилдан ушбу мактабларнинг ҳар бирига 3 тадан мактаб бириктирилиб, янги тизим йўлга қўйилади. Бу ишлар орқали яна 1,5 минг мактабга Президент ва ихтисослашган мактаблар методикаси, муҳити кириб боради. Келгуси беш йилда ушбу тизим барча мактабларда жорий қилинади.
Жорий йилда мактабларда дарс бериш учун хориждан 500 нафар хорижий тиллар мутахассислари олиб келинди. Ушбу тизим жорий қилинадиган мактаблар кўпайишини ҳисобга олиб, келгуси йилда яна 1,5 минг мутахассис олиб келинади.
Ўтган йили 220 минг муаллимдан 86 минг нафари ёки 37 фоизининг билим ва кўникмалари «қониқарсиз» баҳоланган. Айниқса, ҳозирда талаб юқори бўлган информатика, физика, инглиз тили, математика ва кимё фани ўқитувчиларининг билими «қониқарсиз» эканлиги аниқланган. Ёки, 51 минг нафар чет тили ўқитувчиларидан атиги 17 минг нафари (33 фоизи) «Си-1» даражасига эга (ваҳоланки, 2025 йилдан бошлаб чет тилидан фақат «Си-1» даражаси бор ўқитувчилар дарс ўтиши мумкин бўлади).
Айтиб ўтиш керакки, бу йил мактабларни компьютер синфлари билан жиҳозлашга бюджетдан 320 миллиард сўм ажратилиб, мактабларга 40 мингга яқин компьютер олиб берилди.
Келгуси йилда ушбу мақсадлар учун республика бюджетидан 200 миллиард сўм, вилоят ҳокимлари томонидан эса 200 миллиард сўм ажратилади.
ЎзА