Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент туҳфаси билимга меҳр уйғотгувчи омил ҳамдир
10:27 / 2025-08-13

Сирдарё вилоятида 2025–2026-ўқув йили арафасида 1-синфга қадам қўяётган болажонлар учун қувончли хабар — уларга мўлжалланган “Президент совғаси” тўпламлари мактабларга етказила бошлади.

Жорий йилда вилоят бўйича 16 минг 935 нафар бола илк бор мактаб остонасини босиб ўтади. Давлатимиз раҳбарининг ёш авлодни қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим-тарбияси ва интеллектуал ривожига қаратилган доимий ғамхўрлигининг ёрқин ифодаси сифатида ҳар бир 1-синф ўқувчисига 12 номдаги ўқув ва ижодий жиҳозлардан иборат махсус тўплам тақдим этилади.

Тўплам таркибидан “Алифбе” дарслиги, ёзув дафтарлари, рангли қоғозлар, расм дафтари, рангли қаламлар, елим, жилд ва бошқа зарур ўқув қуроллари ўрин олган. Ушбу совғалар нафақат ўқиш жараёнида ёрдамчи восита, балки болаларда билим олишга қизиқиш ва меҳр уйғотувчи муҳим омил ҳамдир.

Маълумки, мамлакатимизда сўнгги йилларда таълим тизимини ривожлантириш, мактабгача ва умумий ўрта таълим босқичларини қамраб олиш, ўқувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. “Президент совғаси” ташаббуси ана шу саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми сифатида ҳар бир боланинг мактаб ҳаётини ёрқин ва самарали бошлашига хизмат қилади.

Янги ўқув йили бошлангунга қадар тўпламлар босқичма-босқич барча мактабларга етказилиб, 2 сентябрь куни — биринчи қўнғироқ маросимида ўқувчиларга тантанали равишда топширилади.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири