Жорий йил 2 декабрь куни давлатимиз раҳбарининг Жиззах вилоятига ташрифи чоғида халқаро, маҳаллий ва ички йўллар инфраструктурасини яхшилаш бўйича бир қатор аниқ вазифалар белгилаб берилган эди. Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш вилоят ҳудудларида изчил амалга оширилмоқда.
Жиззах вилояти ҳокимлиги томонидан Жиззах шаҳар ва туманлар ободонлаштириш бошқармаларига сўнгги русумдаги замонавий фрезерлаш махсус техникаларининг топширилиши мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада оширади. Бу жараён шаҳарсозлик сиёсатида белгиланган мақсадларнинг амалий ижроси сифатида муҳим аҳамиятга эга.

Мазкур ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 12 сентябрда қабул қилинган қарори ҳамда давлат раҳбарининг вилоятга ташрифи чоғида берилган кўрсатмаларини амалга ошириш доирасида ташкил этилмоқда.

Қарор ва топшириқларда йўлсозлик ҳамда коммунал инфратузилмани модернизация қилиш, замонавий техника ва механизмлар билан жиҳозлаш орқали қурилиш-таъмирлаш ишларининг сифати ва самарадорлигини ошириш асосий устувор вазифа сифатида белгиланган.

Шу асосда вилоят учун умумий қиймати 18 миллиард 600 миллион сўмлик, “Shantui” брендида ишлаб чиқарилган 13 дона йўл фрезерлаш машиналари харид қилинди. Ҳар бирининг қиймати 1 миллиард 434 миллион сўмни ташкил этиб, ушбу машиналар “Евро Осиё махсус техникалари” МЧЖ томонидан етказиб берилди ва белгиланган тартибда шаҳар ва туманларга тақсимланди.

Йўл қопламасини фрезерлаш ускуналари жаҳон амалиётида эски асфальтни қайта ишлаш, йўл юзасини текислаш ва янги қоплама учун зарур пойдевор тайёрлашда энг самарали технологиялардан бири сифатида эътироф этилади. Бундай техникаларнинг жорий этилиши вилоят ҳудудида йўл ва пиёдалар йўлакларини таъмирлаш ишларини жадаллаштиради, ресурслардан тежамкор фойдаланиш имконини яратади ҳамда таъмир сифати ва қопламаларнинг хизмат муддатини оширади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири