Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда?
12:22 / 2022-02-15

Бу йўналишда қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган 670 нафар мансабдор шахсларга нисбатан ҳайфсан, 27 нафарига интизомий жарима қўлланилди, 29 нафари эса эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди...

Қайси соҳада ўзгаришга зарурат сезилса, аввало, шу соҳага оид меъёрлар такомиллаштириб, тегишли ҳужжатлар қабул қилинади.

Аммо шу билан ўша соҳа ўзгариш ёки ривожланиб кетмайди. Асосий гап ҳужжатнинг ижросида.

Шунинг учун ҳам Президент ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини назорат қилишнинг янги формати - “Ijro.gov.uz” тизими фаолияти йўлга қўйилди.

Мазкур тизим қандай ишламоқда? Бу ҳақда Адлия вазирлиги масъул ходими Мурод Исматов сўзлаб берди.

- Адлия вазирлиги “Ijro.gov.uz” тизимини юритиш билан чекланиб қолмай, қуйи бўғиндаги тизимлари орқали топшириқлар ижросини назорат қилишни йўлга қўйди. Жойига чиқиб ўрта ва қуйи бўғинларда ишларнинг реал ҳолати, муаммоларнинг асл сабаблари ўрганилмоқда.

2021 йил давомида мингдан ортиқ топшириқлар жойига чиқиб ўрганилганлигини таъкидлаб ўтиш жоиз.

Биргина мисол, Давлат раҳбари бошчилигида 2021 йил 3 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида уй-жойга муҳтож оилаларни аниқлаб, уларни ижара талаблари асосида уй-жойларга кўчириш ҳамда компенсация маблағлари тўлаб бериш топшириғи берилган.

Ушбу топшириқ ижроси адлия органлари томонидан жойига чиқиб мониторинг қилинганида топшириқ бажарилмаганлиги аниқланди. Ўрганиш натижаси ўлароқ, тегишли ташкилотларга 93 та тақдимнома киритилди.

Шунингдек, адлия органларининг фаол кўмаги натижасида республика бўйича жами 2 минг 84 уй-жойга муҳтож оиланинг ижара талаблари асосида уй-жойларга кўчирилиши, уларга 3 миллиард 216 миллион сўм компенсация маблағлари тўлаб берилиши ҳамда 732 оилага бепул уй-жой билан ажратилиши таъминланди.

2021 йил давомида вазирлик томонидан 95 мингдан ортиқ топшириқлар ижроси натижалари кўриб чиқилиб, 40 минг 71 топшириқ ижроси бажарилганлиги сабабли назоратдан олинди. 39 минг 398 топшириқ ижроси тўлиқ таъминланмаганлиги сабабли қайта ишлашга юборилди.

Топшириқ ва кўрсатмалар сонини мақбуллаштириш ҳамда ижро натижадорлигини таъминлаш мақсадида республика бўйича 100 дан ортиқ доимий назоратдаги топшириқ ва кўрсатмалар республика – вилоят – туман кесимида таҳлил қилинди.

Топшириқларни ижрочиларга ўз вақтида етказиш, мазмун-моҳиятини тушунтириш, тўлиқ ва натижали ижро этилишини ташкил этишга доир ҳуқуқий-услубий қўлланма тайёрланиб, 169 та давлат органлари ва ташкилотларига тарқатилди.

Шунингдек, Ҳисоб палатаси билан ҳамкорликда қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқларнинг ўз вақтида ҳамда сифатли амалга оширилишини таъминлаш юзасидан соҳалар, ҳудудлар ва идоралар кесимида манзилли ва тематик таҳлилий ўрганишларни ташкил қилиш ва жойлардаги ҳолат мониторингини юритиш амалиёти йўлга қўйилди.

Ушбу вазифани тўлақонли бажариш мақсадида бугунга қадар вазирлик томонидан 8 та вазирлик ва идораларда манзилли ва тематик ўрганишлар ўтказилди.

Мазкур ўрганишлар жараёнида 230 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қамраб олинди, 61 мингдан ортиқ камчилик ва қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди, юқоридаги вазирлик ва идоралар ҳамда уларнинг ҳудудий тузилмаларига жами 737 та таъсир чоралари киритилди.

Натижада қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган 670 нафар мансабдор шахсларга нисбатан ҳайфсан, 27 нафарига интизомий жарима қўлланилди, 29 нафари эса эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.

Ижро этилган топшириқлардан аҳолининг қониқиш даражаси ва жамоатчиликни қийнаётган масалаларни аниқлаш, топшириқлар ижросини таъминлашда йўл қўйилган камчиликларни тезкор равишда бартараф этиш ҳамда фуқаролар билан қайта алоқани ўрнатиш мақсадида Telegram ижтимоий тармоғида “ijronazorati” боти фаолияти йўлга қўйилди.

Натижада, 2021 йил давомида бот орқали фуқаролардан келиб тушган 2 минг 254 хабар тегишли масъулларга етказилди ҳамда ижроси устидан назорат ўрнатилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарор ва фармонларида белгиланган вазифаларнинг тўлақонли ҳамда сифатли ижро этилишини таъминлаш мақсадида илғор хорижий тажриба асосида қонунчилик ҳужжатларини ишлаб чиқиш жараёнига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
 

Н.Абдураимова, ЎзА